English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
12:05 / 2023-12-10

Муҳташам қўшиқ

Ҳар бир янги кун Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланади.  Ҳар тонг Ватанимиз узра ушбу муаззам тарона янграйди.  

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, атоқли композитор, мусиқа санъати билимдони Мутаваккил Бурҳонов мусиқаси билан бошланувчи ушбу муқаддас қўшиқ ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олгани аниқ.  

Мамлакатимиз раҳбарининг жаҳоннинг турли давлатларига ташрифи, олий мартабали хорижий меҳмонларнинг юртимизга келиши, республикамиздаги нуфузли анжуманлар, йирик тадбирлар, халқаро ва республика миқёсидаги спорт мусобақалари мадҳиямиз билан бошланади.

Бу азиз тарона нечун қалбларимиздан мустаҳкам ўрин олган?! Донишманд шоиримиз Абдулла Орипов номдор бастакор билан бирга  унинг ҳар бир сўзи устида моҳир заргар каби пухта ишлаганлари яқин  тарихимизга оид манбалардан яхши маълум. Мадҳиямиз сўзлари оддий, равон, халқчил, жайдари, шу билан бирга одамлар юрагига яқин жумлалардан иборат экани кўп марта эътироф этилган. Унинг мусиқаси инсондаги эзгу туйғуларга эш экани билан бирга қалбимизга чексиз ғурур, ифтихор, шу азиз диёр учун, унинг тақдири ва келажаги учун чексиз фахр уйғотиши аниқ!

Мадҳиямизни баралла ижро этаркансиз, унинг мангу қўшиқ эканини яна бир карра англайсиз. Спорт мусобақаларида ғалаба қозонган ҳамюртларимиз, ҳарбийлар, ҳатто мактаб остонасига илк қадам қўйган болажонлар, барчамиз бу қўшиқни қўлимиз кўксимизда бўлгани ҳолда мағрур  айтамиз. Зеро, мадҳиямиз юракдан чиқиб, юракларга етиб борувчи, жаҳон узра баралла янграйдиган мангу, муҳташам таронадир. Унда шонли тарихимиз, Ватанимизнинг, меҳнаткаш халқимизнинг салоҳияти, куч-қудрати, маърифатпарвар боболаримизнинг орзу-умидлари, юрт истиқболи мужассам.

Шу кунларда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида байрам тадбирлари, маърифий анжуманлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда мадҳиямизнинг яратилиш тарихи, унинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти  хусусида батафсил сўз юритилмоқда.  

Дунёда Ўзбекистон деб аталмиш диёр бор экан, унинг мадҳияси мангу янграйди!

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири