Зулфия – садоқат саройининг мангу тимсоли
Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллуд топган сана муносабати билан Қашқадарё вилоятининг таълим муассасаларида, маънавият ва маърифат масканларида ҳам турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Қарши Давлат университетида олийгоҳнинг хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ташаббуси билан “Зулфия - садоқат тимсоли” мавзуида ўтказилган адабий-бадиий кечада жамоат арбоби, садоқат ва вафо куйчиси Зулфияхоним хотираси ёд этилди.
[gallery-5945]
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари томонидан ижод аҳлига қаратилаётган эътибор, Зулфияхонимнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, инсоний фазилатлари, кечинмалари ва ижоди хусусида маърузалар тингланди.
Зулфияхоним мунис ва меҳнаткаш, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр-тоқат ва шукроналик билан яшаган ўзбек аёли, ўзбек шоирасининг тимсоли эканлиги тадбирда бот-бот такрорланди.
Aдабий-бадиий кечада санъатшунослик, филология ва педагогика факультети талабалари томонидан мусиқали композицион чиқишлар намойиш этилиб, шоиранинг энг сара шеърларидан намуналар ўқилди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА