Зулфия мукофоти: эътирофдан масъулият сари
Зулфияхоним издошлари
Зулфия номидаги Давлат мукофоти — иқтидорли, билимли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътирофдир. Мазкур мукофот нафақат ёшлар эришган ютуқларни эътироф этади, балки уларнинг келгуси ҳаёт йўлида масъулият ва ишонч рамзи сифатида ҳам хизмат қилади. Йиллар ўтиб, ушбу мукофот соҳибаларининг қайси соҳада фаолият юритаётгани, улар жамият тараққиётига қандай ҳисса қўшаётгани жамоатчиликни қизиқтириши табиий.
Ана шундай фидойи ва ижодкор аёллардан бири — Маъмура Юсуповадир. У 2009 йил “Адабиёт” йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди.
М. Юсупова 1991 йил 14 февралда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида таваллуд топган. Олий маълумотли мутахассис 2013 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини бакалавр босқичида, 2015 йилда эса мазкур олий таълим муассасасининг магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган.
[gallery-27592]
Мукофот олинган даврда у ижодий фаоллиги, адабиётга бўлган меҳри ҳамда жамоат ишларидаги ташаббускорлиги билан ажралиб турган эди. Унинг “Қадргулим”, “Бешинчи фасл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган бўлиб, ижодий ишлари, Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган шеър ва мақолалари вилоят ҳамда республика нашрларида мунтазам эълон қилиб келинмоқда.
2015-2017 йиллар мобайнида Маъмура Юсупова Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси котибиятида бош мутахассис, шунингдек, Жиззах шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият юритди. Бу тажриба унга жамият ҳаёти, ахборот сиёсати ва ижтимоий фаоллик йўналишларида мустаҳкам билим ва амалий кўникмалар берди.
Қаҳрамонимиз фикрича, Зулфия мукофоти — эришилган чўққи эмас, балки келгуси фаолият учун катта масъулият юклайдиган ишонч белгисидир. Шу маънода у таълим ва тарбия соҳасида фаолият олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Айни пайтда Маъмура Юсупова Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. У нафақат ёшларга билим бериш, балки ўқувчилар, айниқса, қизларнинг ўз салоҳиятига ишонишини мустаҳкамлаш, уларни ижодий изланишга руҳлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
— Зулфия мукофоти соҳибаси бўлиш жамият олдидаги масъулиятни янада оширади, - дейди у. — Бу ишончни оқлаш учун доим изланишда бўлиш, ёш авлодга намуна кўрсата олиш зарур. Оз бўлсада жамият тарраққияёти йўлида хизмат қилаётганимдан бахтиёрман. Келгусида баркамол ёшларни тарбиялаб Юртимизга муносиб хисса қўшадиган авлодни шакллантиришга хизмат қиламан.
Бугун Зулфия мукофоти соҳибалари турли соҳаларда — таълим, илм-фан, ижтимоий ҳаётда фаолият олиб бормоқда. Уларни бирлаштириб турувчи жиҳат эса фаол фуқаролик позицияси ва жамият равнақига хизмат қилиш истагидир.
Зулфия мукофоти берган йўл ҳар кимни турли манзилга етаклади. Аммо бу йўлнинг асосий мақсади битта — мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган баркамол авлодни шакллантиришдир.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА