Зўравонликдан ҳимоя – инсон қадрини таъминлашнинг муҳим мезони
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда жабрланганларни реабилитация қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал тизим шакллантирилди.
Бироқ ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, қабул қилинаётган қонунлар ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, айрим оилаларда тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатлари учраб турибди. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатларда нафақат аёллар, балки уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳам жабр кўрмоқда. Бу эса профилактика ишларини янада кучайтириш, жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга қайта мослаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Шу мақсадда Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ҳамда қонунийлиги устидан мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.
Яқинда инспекция мутахассислари ташаббуси билан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилояти ҳудудий маркази фаолияти ўрганилди.

Бугунги кунда 38 ўринга мўлжалланган муассасада йил бошидан буён 181 нафар фуқаро реабилитация қилинган. Уларнинг 84 нафари хотин-қизлар, 97 нафари эса уларнинг вояга етмаган фарзандларидир.
Улар учун индивидуал ижтимоий реабилитация дастури ишлаб чиқилган ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда комплекс хизматлар кўрсатилмоқда.
Йил бошидан буён марказ томонидан 3159 та ижтимоий хизмат кўрсатилган бўлиб, шундан 788 таси ижтимоий, 959 таси ҳуқуқий, 1037 таси психологик ва 375 таси бошқа турдаги хизматлардан иборат.
Мониторинг жараёнида марказда бўлиб турган Д.Ражабова билан суҳбатлашилди. У ўзи ва фарзандларига яратилган шароитлардан мамнунлигини билдириб, марказ мутахассислари турмуш ўртоғидан алимент ундириш масаласида амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатганини таъкидлади.
Навоий шаҳрининг Янгиобод маҳалласида яшовчи М.Болиева билан ўтказилган суҳбат давомида эса у қайнонаси билан келиб чиққан оилавий келишмовчилик оқибатида тазйиқ ва зўравонликка учраб, марказга жойлаштирилганини маълум қилди. Реабилитация жараёнидан кейин уни фарзандлари билан ётоқхонага жойлаштириш зарурати аниқланиб, масъул ташкилотлар билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хатирчи туманидан Д.Эшпўлатова, Зарафшон шаҳридан Ҳ.Наимова ҳамда Навоий шаҳридан Ш.Худоёрова билан ўтказилган мулоқотларда уларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди.

Мониторинг давомида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Жумладан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштиришда қатор муаммолар мавжуд. Марказ томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига юборилган мурожаатлар умумий навбат тартиби мавжудлиги сабабли ижобий ҳал этилмаган. Бу эса реабилитация жараёнида бўлган аёлларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганиши ва мустақил ҳаёт бошлашига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Чунки фарзандини боғчага жойлаштира олмаган она меҳнат бозорига чиқиши ёки касбий тайёргарлик курсларида қатнашиши қийинлашади.
Мутахассислар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотларига навбатдан ташқари ёки алоҳида ижтимоий тартиб асосида қабул қилиш механизмларини жорий этиш, бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва масъул ташкилотларга аниқ вазифалар белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан амалга оширилаётган мониторинглар фақат назорат тадбири эмас, балки инсон тақдирига дахлдор муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишга қаратилган муҳим ижтимоий механизм. Давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигида ҳар бир жабрланган хотин-қизнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, уларга янги ҳаёт бошлаш имкониятини яратиш инсон қадрини юксалтириш сиёсатининг амалий ифодасидир.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА