Зоминда янги зиё маскани фойдаланишга топширилди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида китобхонлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган йирик маънавий-маърифий маскан – “Шоҳруҳ кутубхонаси” фойдаланишга топширилди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган ушбу кутубхона бир вақтнинг ўзида 100 нафардан зиёд китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, унинг фондида 50 мингдан ортиқ бадиий асар ва илмий қўлланма жамланган.
Кутубхона очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда мамлакатимиз сиёсат, илм-фан, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят фаоллари, зиёлилар ҳамда кенг китобхонлар жамоатчилиги иштирок этди. Тадбирни “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор Ҳусан Эрматов олиб борди.
Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййид ҳамда бошқа жамоат арбоблари сўзга чиқиб, китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва ёшларни мутолаага кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр билдиришди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 15-январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ахборот-кутубхона муассасаларини рақамлаштириш, миллий электрон ресурсларни кенгайтириш, аҳолига замонавий ахборот-кутубхона хизматларини тақдим этиш, мутолаа маданиятини юксалтириш ҳамда кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли вазифалар белгилаб берилди.
[gallery-30477]
Зоминда фойдаланишга топширилган “Шоҳруҳ кутубхонаси” мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида эътиборга лойиқ. Замонавий инфратузилма, рақамли технологиялар ва кенг ахборот имкониятларини ўзида мужассам этган ушбу маскан китобхонларга нафақат анъанавий, балки электрон хизматларни ҳам тақдим этади.
Тадбирда сўз олган сенатор Қудратилла Рафиқовнинг таъкидлашича, мазкур кутубхона бундан 10 йил муқаддам мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этила бошланган эзгу ғоянинг мантиқий давоми ҳисобланади.
— Мен Зоминда туғилмаганман. Бироқ меҳнат фаолиятимнинг энг сермазмун йиллари шу замин билан боғлиқ. Шу боис ўзимни зоминлик деб билишдан ҳамиша фахрланаман. Бугунги кунда ушбу кутубхонанинг халқ хизматига топширилиши мен учун ҳам алоҳида қувонч, — деди Қудратилла Рафиқов.
Шундан сўнг рамзий алвон боғич кесилиб, иштирокчилар кутубхонада яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Муассасанинг яна бир муҳим жиҳати — унинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон фонди билан интеграция қилинганидир. Бу эса китобхонларга 200 мингга яқин бадиий ва илмий адабиётдан масофадан туриб фойдаланиш имконини яратади.
Шу билан бирга, жорий этилган илғор ахборот технологиялари орқали кутубхона ресурсларидан электрон портал воситасида дунёнинг исталган нуқтасидан туриб фойдаланиш мумкин. Маскан ҳудудида китоб дўкони, “Book cafe” ва полиграфия хизмати ҳам йўлга қўйилгани эса китобхонларга қўшимча қулайлик яратади.
Энг муҳими, “Шоҳруҳ кутубхонаси” фақат китоб сақланадиган муассаса эмас, балки ёшлар тафаккурини юксалтириш, интеллектуал муҳитни мустаҳкамлаш, миллий маънавият ва маърифатни тарғиб этишга хизмат қиладиган замонавий билим марказига айланмоқда. Бу каби ташаббуслар мамлакатимизда китобхонлик ҳаракатини янада кенгайтириш, аҳолининг маънавий камолотини таъминлаш ва Янги Ўзбекистоннинг билимли, юксак салоҳиятли инсон капиталини шакллантириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари