Зомин табиати мусаввирлар нигоҳида
Зомин табиати ўзининг баҳаволиги, бетакрорлиги билан наинки юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар орасида ҳам шуҳрат қозонган.
Ўзини она-табиат мухлиси деб билган инсон борки, ушбу мафтункор масканга боришни, ундан баҳра олишни орзу қилади. Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Зомин ижодий сафари якунлари юзасидан "Зомин тоғлари садоси" деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Пленэр – табиатдан баҳра олган ҳолда, бетакрор муҳит қўйнида картина ишлаш жараёни мусаввирлар учун энг қизиқарли, ҳам фойдали ижод саналади. Жорий йилнинг 25 апрель – 5 май кунлари ўтказилган ушбу пленэрда 13 нафар рангтасвирчи рассом ва 2 нафар фоторассом иштирок этди.

Бадиий академия Ахборот хизмати маълумотига кўра, Зомин ижодий пленэри Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилди.

Яшилликка бурканган тоғлар, мафтункор гўшалар, сўлим боғлар, шарқираган сойлар, гул-гиёҳлар, шишадек кўм-кўк осмон, ҳеч қайси дори-дармонга тенглаштириб бўлмайдиган мусаффо ҳаво...
Буларнинг бари моҳир мусаввирларимизнинг нигоҳи, маҳорати, ўзига хос ижодий ёндашуви асосида уларнинг бетакрор картиналарида ўзининг ёрқин ифодасини топгани билан аҳамиятлидир.

“Зомин тоғлари садоси” кўргазмасига келган ҳар бир томошабин ўзини гўёки, пурвиқор тоғлар қўйнида юргандек ҳис этади. Мазкур экспозиция она-табиатга бўлган меҳр ва ҳурматни янада кучайтиришда, жонажон Ватанимиздан фахрланиш туйғуларини оширишга хизмат қилиши тайин. Кўргазмада 13 нафар пленэр иштирокчиларининг 98 та этюдлари намойиш этилмоқда.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири