Зомин давлат қўриқхонасида бир кун (+видео)
Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Зомин давлат қўриқхонаси Бахмал бўлимига медиа-тур ташкил этилди.
22 май – Халқаро биохилма-хиллик куни муносабати билан ўтказилган тадбирда дастлаб Зомин давлат қўриқхонаси ҳақида батафсил маълумот берилди. 500 дан 2 минг 500 ёшгача бўлган ноёб табиий арчазорларни ва арчазорлардаги ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини асраш мақсадида 1928 йил Туркистон тоғ тизмасида “Зомин тоғ арчазорлари” Давлат қўриқхонаси ташкил этилган бўлиб, орадан 66 йил ўтиб Биринчи президентимизнинг 1994 йил 7 октябрдаги “Зомин давлат қўриқхонаси ҳудудий кенгайтириш ва уни қўриқлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қўриқхона ҳудудининг аниқ чегаралари белгилаб чиқилган.
Ўзининг 95 йиллик тарихига эга Зомин давлат қўриқхонаси Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида жойлашган. Зомин ўрмон хўжалиги, “Зомин миллий табиат боғи”, Бахмал ўрмон хўжалиги, “Музбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Бахмал” фермер хўжаликлари уюшмаси ва қўшни Тожикистон Республикаси давлат чегараси билан чегарадошлиги таъкидланди.
– Қўриқхонанинг умумий майдони 26 минг 921, ўрмон билан қопланган майдон 22 минг 373, бошқа ерлар 4 минг 548 гектарни ташкил этади, – дейди Зомин давлат қўриқхонаси директори Хўжабек Сафаров. – Шундан қўриқхонанинг Зомин бўлими 15 минг 614, Бахмал бўлими 11 минг 307 гектар майдонни эгаллаган. Айни пайтда, чегарадош ҳудудлардаги қўриқхона чегарасида 1,5-2 километргача масофада 8 минг 770 гектар қўриқлаш майдони мавжуд. Мазкур қўриқхона ҳудудидаги пурвуқор тоғлар денгиз сатҳидан 1 минг 700 метрдан 4 минг 29 метргача баландликка эга уч зонани – тоғларнинг пастки, ўрта ва юқори қисмларини ўз ичига олади.
Қўриқхона ерлари таркибига асосан тоғ тизимлари кириб, ҳудуднинг жанубий қисми Туркистон тоғ тизмасининг тик жарликларидан, шимолий қисми эса бироз текисроқ релъефли супалардан иборат бўлиб, Зомин давлат қўриқхонасидаги умумий айланмалар сони 16 тани, шундан Зомин бўлимида 9 та, Бахмал бўлимида 7 та айланма мавжудлиги қайд этилди.
[gallery-11992]
Қўриқхонанинг Бахмал бўлими ўзига хос биологик хилма-хилликка эга бўлиб, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш мақсадида бу ерда мунтазам равишда назорат ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.
Зомин давлат қўриқхонасининг Бахмал бўлими бошлиғи, унинг чегара ишлари бўйича ва илмий ишлар бўйича ўринбосарлари, 7 нафар нозир, 3 нафар қоровул, 3 нафар ишчи-хизматчилар фаолият юритиб келаётган бўлиб, улар зарур автотранспорт воситалари ва от-уловлар билан таъминланганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
– Аҳоли яшаш ҳудудларига яқин айланмаларнинг барчасига тўлалигича тўсиқлар тортилиб чегараланган ва бундан кўзланган мақсад, аҳоли қўй-эчкилари, йирик шохли молларининг қўриқхона ҳудудига кириб, жонли табиатни пайҳон қилмаслиги ёки фуқаролар кириб, турли, ов ёки бошқа мақсаддаги тақиқланган ишларни амалга оширмаслиги ва дам олишларига ҳам йўл қўймаслик учун амалга оширилган, – дейди Зомин давлат қўриқхонаси Бахмал бўлими бошлиғи Мусабек Улуғов. – Бу ерда фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси: қўриқхонадаги мавжуд ҳолатни, ўсимлик ва жонзодлар дунёсини борлигича, шундайлигича сақлашдан, қўриқлашдан, назорат қилиб боришдан, қиш пайтларида турли ҳайвон ва паррандалар озуқа топа олмай қолганларида уларни озуқланиш нуқталарига ем-емиш етказиб, биотехник тадбирларни амалга оширишдан, ҳар бир жонзотларнинг саноғини юритишдан ва умуман табиатни борлигича асраб-авайлашдан иборат.
Бундан ташқари, қўриқхона ишчи-хизматчиларининг ўзлари ҳам ҳудудидан шу жойда яшовчи паррандаю даррандалар, ёввойи ҳайвонлар учун қишга хашак, ем-емиш жамғариш ишларини қўриқхона ташқарисида, ўрмон хўжалиги ёки фермер жўжаликлари ерларида амалга оширишлари таъкидланди.
– Қўриқхона ҳудудида фақатгина илмий ишларни олиб боришга рухсат этилади, – дейди Зомин давлат қўриқхонаси илмий ишлар бўйича ўринбосари Қувончбек Тратов. – Бу ерда бошқа, айтайлик, йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам қушлар, судралиб юрувчи, сут эмизувчи, ёввойи ҳайвонларни ва умуман қўриқхонада яшаётган ҳар қандай жонзотларни ов қилиш, турли-туман гиёҳ ва ўсимликларни йиғиш-териш, дарахт, айниқса, арчаларни кесиш, ҳатто, турли кўчат ва экинларни экиш ҳам ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш ҳам мутлақо тақиқланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q1_3XDCimLk" title="Зомин давлат қўриқхонасида бир кун" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистон Фанлар академияси, Жиззах давлат педагогика университети, Самарқанд илмий-текшириш институти билан шартномалар имзоланган. Унга кўра, профессор-ўқитувчи, олим, десертант ва магистрантлар йўқлайдиган илмий иши ва мавзулари бўйича ўсимликлар вегитацияси, ҳайвонларнинг кўпайиш, озуқаланиш даврлари устида ўрганиш, илмий иш олиб боришларига рухсат берилган.
– Қўриқхонамизда жами 1 минг 216 турдаги доривор ва манзарали ўсимликлар, жумладан, 3 хил – Туркистон, Зарафшон ва яссисимон арча тури ўсади, – дейди Зомин давлат қўриқхонаси экологик таълим, жамоатчилик билан алоқа ва экотуризм бўйича мутахассис Оқилбек Суяров. – Шунингдек, нозирларимиз томонидан 149 турдаги турли жонзотлар синфларга ажратилган ҳолда, назорт қилиш ва ҳудудларга қўйилган фото қапқонлар орқали ўсиш ва ҳаёт тарзини кластерлаб, яъни мониторинг қилиб борилади.
Назоратчиларимиз томонидан 1 йилда 2 марта: кузги ва баҳорги саноқ олиб борилади. Қўриқхонада балиқнинг 1 тури, амфибияларнинг 2 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 тури, қушларнинг 102 тури, сут эмизувчиларнинг 30 тури мавжуд. Халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоб” ларига киритилган қор қоплони, Тянь-Шань қўнғир айиғи, Туркистон силовсини, Северцов қўйи, бўри, тулки, ёвойи тўнғиз, қора гриф, қора лайлак, соқолли калхат, бургут, пакана бургут, оқбошли калхат, тасқара, лочин ва қизилбошли лочин каби ҳайвон ва қушлар, булардан ташқари, тўнғиз, жайра, қуён каби ҳайвонлар ҳамда қарға, олашақшақ ва бошқа кўплаб чумчуқсимон қушлар бор.
Бу ерга сайёҳларни олиб келиш мумкин. Аммо улар Зомин ва Бахмал ўрмон хўжаликлари ҳудудида қўриқхонамизнинг чегарасида ташкил этилган “Буфер зона”ларидаги махсус жойлардан туриб, дурбин ва телескоплардан табиат ва бу ерда яшовчи ҳайвонларни кузатишларига рухсат этилади.
Ушбу тадбир давомида қўриқхона ходимларидан ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларимизга аниқ жавоблар олдик. Зомин давлат қўриқхонасининг Бахмал бўлими йўналиши бўйлаб уюштирилган медиа-тур давомида ўзимиз билган ва билмаган жуда кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Зомин давлат қўриқхонаси Бахмал бўлимидаги “Қизил китоб”га киритилган ҳайвон ва қушлар, ўсимликларни ўзида мужассам қилган биохилма-хиллик, тоза ҳаво, зилолдек булоқ ва Сангзор дарёсига бориб қўшиладиган, баланд тоғ қорларидан эриб келаётган муздек ирмоқ суви, худди биз каби ҳар қандай инсон кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Кечгача давом этган мазкур медиа-тур – бизга хуш кайфият бағишлаб, катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат-видео), ЎзА