Ўзмиллийбанк ёшларни қўллайди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Хитой Халқ Республикасининг Шинжон палатаси билан ҳамкорликда “Ёш тадбиркорлар” II республика форуми ўз ишини бошлади.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Хитой Халқ Республикасининг Шинжон палатаси билан ҳамкорликда “Ёш тадбиркорлар” II республика форуми ўз ишини бошлади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни иқтисодиётнинг турли йўллари орқали рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш натижасида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати доимо эътиборда бўлиб келган.
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда моддий томондан қўллаб-қувватлаш истиқболда ўзининг ижобий натижаларини бериб, мамлакат иқтисодиёти ўсиши, янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этади.

Форум доирасида “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган 100 га яқин ёш тадбиркор, шунингдек, Хитойнинг 40 та етакчи компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар ва маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
“Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида жорий йил бошидан ёшларнинг 1 минг 972 бизнес лойиҳасига жами 448,4 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилди. 13,3 миллиард сўмлик жамғарма кафилликлари ажратилди.
Мамлакатимизда ўз фаолиятини олиб бораётган банклар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун барча турдаги банк хизматларини тақдим этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури тўғрисидаги фармонига асосан асосий вазифалар белгилаб берилган.
“Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси тузиш белгиланган. Ушбу жамғарма зиммасига қуйидаги вазифаларни амалга ошириш юклатилган:

– Ёшлар бизнес ташаббусларини, стартап, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишлари учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз миқдорида имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари кўрсатиш;
– Дастур доирасида ажратилаётган кредитлар миқдорининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда кафилликлар бериш;
– Дастур доирасида амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳаларнинг келгуси 5 йил давомида қайтариш шарти билан, 50 фоизидан ошмаган миқдорда улуш билан қатнашиш.
Тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш.

Шунингдек, дастур доирасида ёш тадбиркорларнинг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишда маслаҳат, ҳуқуқий, бухгалтерия ва бошқа хизматлар кўрсатиш, форумлар, мастер класс ҳамда семинарлар ташкил этиш мақсадида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари тузиш белгиланган.
2018 йил 10 августда Ўзмиллийбанк билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида тузилган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ўртасида келишув имзоланган. Ушбу келишувга асосан ёш тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун жамғарма томонидан банкка 272,6 миллиард сўм миқдорида ресурс маблағлари ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2018-2019 йиллар давомида 1 минг 361 ёшлар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш учун 270,5 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Реклама ҳуқуқи асосида