Зиёлилар билан учрашув
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида зиёлилар билан учрашув ташкил қилди.
Ёзувчи ва шоирлар, журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқлар фаоллари иштирок этган тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров сўзга чиқиб, ижодкорларни касб байрами билан табриклади ҳамда шаҳарда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар таълим-тарбияси масалаларида зиёлиларнинг роли катталигини эътироф этди. Шу билан бирга айни пайтда шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, келгусидаги режалар ҳақида сўз юритди.

Учрашувда Ўзбекистон халқ шоираси Хосият Бобомуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ва бошқалар юртимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, халқимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ижодкорлар бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан халқимиз босиб ўтган йўл, ўтган даврда эришилган натижалар ҳақида кўпроқ ёзиш, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Тадбирда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари шаҳар ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири