Ўзингиз ва яқинларингизни асранг, уйда қолинг!
Бугун инсоният синовли даврни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инфекцияси хавфи деярли бутун дунёни қамраб олди.
Бугун инсоният синовли даврни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инфекцияси хавфи деярли бутун дунёни қамраб олди.
Касаллик тарқаган давлатлар пандемияни бартараф этиш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўришмоқда. Шу жумладан, мамлакатимиз ҳукумати томонидан ҳам ўз вақтида касалликни бартараф этиш бўйича муҳим чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, татбиқ этилмоқда.
Президентимиз томонидан пандемия оқибатларининг олдини олишга қаратилган муҳим фармон имзоланди. Ушбу фармон ижроси юртимизда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларимизни давом эттиришга, қолаверса, тиббиёт соҳасини тубдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Биз иложи борича пандемия билан боғлиқ қалтис вазиятларда юртдошларимиз азият чекишининг олдини олишимиз ва бунинг учун фармонда белгиланган барча вазифаларни сусайтирмасдан олиб боришимиз керак.
Жумладан, коронавирусининг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, иш жойида қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва ишчи-хизматчилар, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Комбинатда махсус комиссия таркиби шакллантирилди. ОКМК корхоналариаро ҳужжатлар билан ишлаш тизими, имзолаш, келишиш, тасдиқлаш, маълумотлар, ҳисоботларни қабул қилиш ва уларни юборишни электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Жами 5131 нафар ишчи-ходимлар навбатдаги меҳнат таътилига чиқарилди, шунингдек, ишчи-ходимларни вирусга қарши шахсий ҳимоя ва антисептик воситалар билан ўз вақтида, зарур ҳажмда таъминлаш амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қисқа вақт ичида пойтахтимизда учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилади. Албатта, бу муассасалар аҳолини карантинга қабул қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Насиб этса, ушбу муассасалар кейинчалик халқимиз саломатлиги учун хайрли мақсадлар йўлида хизмат қилади. Шубҳасиз, бу саъйи-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда пандемия ҳолатини тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган. Биздан талаб этиладигани, карантин билан боғлиқ барча ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини қатъий таъминлаш ва қўллаб-қувватлашдир. Бу синовли даврда, энг муҳими, белгиланган тартибни бузмаслик, карантин қоидаларига риоя қилишдир.
Бугунги синовли кунларда ўзимизни, яқинларимизни асраб-авайлайлик. Карантин қоидаларига амал қилайлик. Касаллик профилактикаси учун нима зарур бўлса, барчасини сўзсиз бажариш ҳар биримизнинг фуқаролик ва инсоний бурчимиздир.
Эл саломатлиги учун бугун вақтинча ўз уйларида ўтирган халқимиз бунёдкор. Улар синов давридаги шу имкониятдан шубҳасиз, унумли фойдаланадилар. Айниқса, фарзандлари билан бирга бўлган оналаримиз дилбандларига энг қизиқарли эртакларни айтиб, тил ўргатиб, китоб ўқиб, уларнинг дунёқарашини ҳар доимгидан кўпроқ бойитади.
Қолаверса, республикамизда озиқ-овқат захиралари етарли. Хонадонда ўтирган опа-сингилларимиз турли пишириқлар пишириб, яқинларини мамнун қилади.
Абдулла Хурсанов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори,
“Олмалиқ КМК” АЖ Бошқарув раиси