
Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат. Юртимизда бу хизматдан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади.
Хусусан, метрополитен хизматидан ҳозирги вақтга келиб бир кунда қарийб 700 мингдан зиёд йўловчи фойдаланмоқда. Бу ўтган даврлар билан солиштирилганда қарийб 2-3 баробарга кўп. Маълумотларга кўра, 2016 йил давомида Тошкент метрополитени 52 миллион аҳолига хизмат кўрсатган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 172 миллионни ташкил қилган. 2024 йил якунига қадар 209 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.
Жамоат транспортининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш – долзарб масала. Фойдаланувчилар сони ортиб бориши ўз-ўзидан метро ходимларининг иш жараёнида қўшимча масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. Айни дамда Тошкент метрополитенида 6 минг 500 нафар ходим фаолият олиб боради.
–10 йилдан буён Тошкент метрополитенида ўз хизмат фаолиятимни олиб бормоқдаман, – дейди “Тошкент метрополитени” ДУК ходими Моҳир Абдуқодиров. – Ҳозирги кунда “Чилонзор” электродепосида муҳандис-электрончи лавозимида ишлайман. Касбим ҳақиқий маънода фахримга айланиб улгурган. Аслида бу касбга меҳрим болаликдан ўзгача бўлган.
Метрополитенда ҳаракатланиш давомида метрополитен ходимлари ҳам, йўловчилар ҳам огоҳ, ҳушёр ва эътиборли бўлиши лозим. Бу соҳада ишлашнинг завқли томонлари билан бирга, машаққатли талаблари ҳам бор. Аммо ўз ишингга бўлган садоқат барча қийинчиликларни оғринмасдан енгиб ўтишингга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OEFDDCEV-UE" title="Zimmamizda minglab yoʻlovchilarning oʻz manzillariga xavfsiz yetkazib borish masʼuliyati bor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Фаолиятимиз давомида янги турдаги ҳаракат таркибларида электр қурилмаларнинг соз ҳолатда ишлашини таъминлаймиз, поездлар йўналиши ва эскалаторлар ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиб борамиз.
Поезд ёки бошқа техник қурилмаларда носозлик юз беришининг олдини олишга жавобгармиз. Зиммамизда минглаб йўловчиларнинг ўз манзилларига хавфсиз етиб боришини таъминлаш масъулияти бор. Ўз соҳамда кўплаб ютуқларга эришдим. Маҳоратли устозлардан бу касбнинг сир-синоатларини ўргандим. Юртдошларимнинг узоғини яқин қилишга кўмаклашишдан эса бахтиёрман.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА