Ўзимизнинг буғдой, ўзимизнинг нон
Она заминимизда инсонни ўзига ром этадиган неъматлар кўп. Турфа гуллар ифорию полизда анқиган ҳандалак ҳиди кимни мафтун этмайди. Аммо оламда бир неъмат борки, у ҳар қандай гулдан муаттарроқ. Каттаю кичикни бирдек жалб этувчи бу ифор – нон иси.
Она заминимизда инсонни ўзига ром этадиган неъматлар кўп. Турфа гуллар ифорию полизда анқиган ҳандалак ҳиди кимни мафтун этмайди. Аммо оламда бир неъмат борки, у ҳар қандай гулдан муаттарроқ. Каттаю кичикни бирдек жалб этувчи бу ифор – нон иси.Доно халқимиз бирор нарсага эҳтиром билдирса, “нондек азиз”, “нондек мўътабар”, дея нон сўзини қўшиб айтади. Мамлакатимиз гербида ғалла бошоғи тасвири туширилгани ҳам ўзбек халқининг буғдойга, нонга алоҳида ҳурмат-эътибори ифодасидир. Зеро, нон дастурхонимиз кўрки, фаровон ҳаётимиз белгисидир.
Изчил ислоҳотлар самараси
Ўтган йили мамлакатимиз деҳқонлари 8 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирди. Бу хирмон чўғини қиёслаш учун таъкидлаш жоизки, 1991 йилда юртимизда 940 минг тонна ғалла етиштирилган, ҳар гектардан ўртача ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил қилган. Бу Ўзбекистон аталмиш катта оила учун жуда камлик қилар эди. Шу боис хориждан дон олиб келинарди.
Ана шундай танг пайтда Президентимиз Ислом Каримов ғалла мустақиллиги масаласини ўртага қўйди: “Токи ғалла мустақиллигига эришмас эканмиз, иқтисодий мустақиллик ҳақида гапириш ортиқча”. Бу қатъият, шижоат ва машаққатли изланишларни тақозо этарди. Аввало, қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Деҳқонларимиз ғалла етиштиришни ўрганиб, уларнинг моддий манфаатдорлиги юқори даражага кўтарилгани ютуқларнинг асосий омили бўлди. Ана шундай эътибор туфайли Ўзбекистон нафақат ғалла билан ўзини таъминловчи мамлакат, балки уни экспорт қиладиган давлатлар қаторига кирди.
Эришилган ютуқларда ғалла навларининг янгилангани, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш борасида олиб борилган илмий изланишлар ҳам муҳим ўрин тутади. Яратилаётган истиқболли навлар, фермерларнинг фидокорона меҳнати, ғалла етиштиришдан манфаатдорлик ортиши, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ҳамда бу ишларнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани соҳани жадал ривожлантириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ғаллачилик бошқармасининг маълумотига кўра, янги навларни экишда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олиниб, суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштириш агротехникасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, олимларимиз яратган “Чиллаки”, “Дурдона”, “Андижон-2”, “Андижон-4”, “Бобур”, “Аср” ва “Туркистон” каби ўндан зиёд маҳаллий нав ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бўлаётир.
– Тўқсон гектар майдонда ғалла етиштирамиз, – дейди Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Эшниёз бобо” фермер хўжалиги раҳбари Муртазоқул Бўтаев. – Дастлабки йиллари гектаридан ўттиз-ўттиз беш центнер ҳосил олган бўлсак, кейинги йилларда ҳосилдорлик 70-75 центнерга етди. Бу йил буғдойнинг иқлим шароитимизга мос, касалликлар ва сувсизликка чидамли “Замин” навини экдик. Оби тобида суғориб, бегона ўт ва зараркунандаларга қарши курашдик. Ҳар гектарга 10 тоннадан маҳаллий ўғит солдик. Мутахассислар билан бамаслаҳат замонавий ва интенсив агротехнологияларни қўлладик. Бунинг самарасида ғалла мўл бўлаётир. Ҳар йили шартномадан ташқари икки юз тоннадан зиёд буғдой хўжалигимизда қолади. Бу йил ҳам катта хирмонни чамалаб турибмиз.
– Мустақиллигимизнинг илк йилларида ғалладан гектарига 17 центнердан ҳосил олган фермерларимиз ҳозир 55 центнерлик натижага эришмоқда, улар орасида 90-100 центнерлик маррани забт этаётганлар ҳам бор, – дейди Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев. – Ўтган йили буғдой экишдан аввал фермерларга мурожаат қилиб, шартномавий режага қўшимча 5 центнердан ҳосил йиғишга чорладик. Мулкдорларимиз бу ташаббусга жавобан улкан ғалла хирмони бунёд этди. Бу жуда катта жасорат. Фермерларимиз орасида дала маданияти – фермер мажбурияти деган ибора пайдо бўлди. Бу уларни бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш учун ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ўргатди.
Шу кунларда қайси қишлоққа борманг, қайси хонадонга кирманг, дала юмушлари, ғалла ўрими ҳақида сўз боради. Гарчи янги мавсум бошланган бўлса-да, ҳар бир хонадонда ўтган йилги ҳосилдан беш-олти қоп буғдой бор. Қолаверса, фермерлар ўзига қолган донни истаганча тасарруф этиб, рўзғорини обод қилмоқда. Бир даврада гап бўлди: “Шўрчилик Хушвақт фермер даласидаги буғдойни комбайн ўримидан сўнг яна бир бор сомон ва бошоқларни терибди”. “Отасига балли, – деди кўпни кўрган оқсоқоллар. – Аввало, ризқнинг уволи тутмайди, кейин чорва учун қўшимча озуқа жамғарибди. Ер ҳам сифатли шудгорга тайёр бўлибди. Бир пайтлар далани сомондан тозалаш учун билиб-билмай ўт қўядиганлар бўларди. Бу ўз ризқини ўзи қийиш дегани-ку!”
Қари билганини пари билмас, деганларича бор. Мутахассисларнинг фикрига кўра, сомонни ёқиш ер ҳосилдорлиги ва экологияга салбий таъсир этади. Мисол учун, бир гектар майдондаги буғдой пояси ёқилса, ундан ҳавога ярим килограмм азот, уч килограмм кул, қарийб йигирма килограмм газ ва углерод оксиди тарқалар экан. Бу майдонлардаги фойдали ҳашаротларни нобуд қилади, тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой қатламига жиддий зарар етказади. Аҳоли орасида турли касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Шу боис Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамкорлигида далаларни сомондан тозалаш, ғалла пояларини ёқиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда тадбирлар амалга оширилмоқда.
Насибаси бутун эл
Яқинда Жанубий Бретань университетининг тадқиқотчилари қизиқ бир тажриба ўтказиб, супермаркетдаги харидорларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича кузатув олиб боришган. Улар ёллаган актёрлар ўз рўмолча ёки қўлқопларини “тасодифан” тушириб юборганда, энг кўп дўстона хайрихоҳликни нон-қандолат бўлимида юрган харидорлар кўрсатишган. Уларнинг қарийб 80 фоизи, кийим-кечак бўлимида ўтказилган синовда эса 50 фоиз киши ёрдамга ошиққан. Шу тариқа ноннинг хуш бўйи инсонларга ижобий таъсир кўрсатиб, эзгу ишларни бажаришга мойиллик уйғотишини олимлар исботлаган.
Бундай ўйлаб кўрсак, киши нонни эъзозлаган сари унинг феъл-атвори ҳам эзгуликка мойил бўлиб бораркан. Дунё сайёҳлари эътироф этишганидек, ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳмондўст ва тантилиги нонга бўлган ҳурмати билан боғлиқмикан? Ҳар тонг кун ёришмасдан кўчаларда нон юкланган машиналар бирин-кетин манзил томон ошиқади. Хонадонлардан таралган иссиқ нон ҳиди димоқни қитиқлайди. Меҳмон келганда олдига аввало нон қўйилади.
– Бир вақтлар нон дўконларидаги маҳсулотлар турлари ҳозиргидек хилма-хил бўлмасди, – дейди юнусободлик Гулчирой ая Каримова. – Буханка нон учун баъзида соатлаб навбатда турардик. Истиқлолимиз шарофати билан юртимиз ободликка, халқимиз фаровонликка эришди. Нонга навбатга турган дамлар ортда қолди. Энди ҳар қадамда нон дўконлари, уларда турли-туман нон маҳсулотлари...
Насибамизнинг бутунлиги, дастурхонимизнинг тўкинлиги йўлида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамоалар самарали меҳнат қилаётир. «Тошкентнон» уюшмаси улар орасида энг йиригидир. Уюшма таркибида элликка яқин корхона фаолият юритмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу корхоналарда кунига 350 тоннадан зиёд маҳсулот тайёрланмоқда.
– Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз пойтахтимиз аҳолиси эҳтиёжини тўла қондиради, – дейди «Тошкентнон» уюшмаси раиси Мақсуд Қосимов. – «Улуғ неъмат», «Сумбула нон», «Саховат нон» каби корхоналаримизда кунига 20-24 тоннадан зиёд нон ва нон маҳсулотлари тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Уларнинг сифати, инсон учун фойдали қўшимча микроэлементлар билан бойитиш доимий эътиборда. Маҳсулотларни сақлаш жараёнида гигиена қоидаларига тўла риоя қилинишини таъминлаш мақсадида нон маҳсулотлари махсус пакетларда қадоқланмоқда. Ноннинг сақланиш муддати очиқ ҳолда 24 соат бўлса, бундай усулда яроқлилик даражаси бир неча кунга узаяди.
Айни пайтда турли хасталикларга, жумладан, қандли диабет, ошқозон-ичак хасталиклари бўлган беморлар учун майдаланган буғдой ва кепак аралашмаларидан турли кўриниш ва ҳажмдаги нонлар тайёрланмоқда. Ошқозон-ичак касалликларига чалинган беморлар учун тузи нисбатан паст, қотирилган нон ишлаб чиқарилаётган бўлса, буйрак, юрак-қон томир касалликлари билан хасталанганлар учун тузсиз маҳсулотлар – тешик кулчалар ва қотирилган нон тайёрланмоқда.
Энг асосийси, биз саралаб, танлаб харид қилаётган бу нонлар ўзимизнинг буғдойдан. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Яратганга минг бор шукрки, ўз донимизга, ўз беминнат нонимизга эга бўлган кунларга етиб келдик. Бугун юрт кезсангиз бепоён далаларда олтиндек товланаётган буғдойзорлар кўзингизни қувонтиради. Бу – машаққатли меҳнат маҳсули, эл ризқи.