Ўзимизни пахта териш машиналари зўр....
Сирдарё вилояти пахта далаларида йиғим-терим айни қизғин паллага кирди.
Сирдарё вилояти пахта далаларида йиғим-терим айни қизғин паллага кирди. Қимматбаҳо хомашёни ҳар бир очиқ кундан унумли фойдаланган ҳолда қисқа фурсатларда йиғиб-териб олиш мақсадида вилоят бўйича жами 400 дан ортиқ пахта териш машиналари унум билан ишлатилмоқда.
Кимдир “Jon Deer”ни маъқул кўрса, бошқаси “Kess”ни, учинчи бир пахтакор эса “Klasse”ни зўр деб билади. Лекин Сирдарёда 2016 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлишига қарамай ҳали яп-янги “TTZ-LS 100 HC” пахта териш машиналари ишидан фойдаланишни маъқуллаётганлар ҳам йўқ эмас.
Техника билан тиллашиб, ёшлигидан ўзимизни ТТЗда чигит экиб, чопиқ қилиб, ғўзага ишлов бериб, бир сўз билан айтганда суяги тракторлар орасида қилган меҳнатлари билан қотган, Абдураззоқ Тўхсонбоев қарийб 20 йилдирки меҳнат фаолиятини техникасиз тасаввур қила олмайди.
– Ҳар бир техниканинг ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор, – дейди тажрибали деҳқон-механизатор Абдураззоқ ака Тўхсонбоев. – Вақтида мойини кўриб, ёқилғисини қуйиб, керакли шурупини тортиб, яроқлилик муддати якунига етгани эҳтиёт қисмини алмаштириб минилса 50-60 йилларда чиқарилган ҳар қандай эски техника ҳам яна 30-40 йил хизмат қилиб беради.
Ўтган йили кузнинг охирларида хизмат юзасидан Тошкентга “Ўзагролизинг” компаниясига боргандим. Бир четда мойи билан турган, ўзимизни Тошкент трактор заводида 2016 йилда ишлаб чиқарилган “TTZ-LS 100 HC” пахта териш машиналари чанг босиб турганига кўзим тушиб, тўғриси, йиғлаб юбордим. Ахир салкам 20 йил шу техника билан тиллашиб келдим. Бирор марта мени уялтириб қўймаган.
Ўша ерда туғилган фикрни шартта компания раҳбарини олдига кириб “Ўзагролизинг” компанияси қошида МТП очиб, шу машиналарни ишлатиш ниятида эканимни айтдим.
Ана шу таклиф билан ҳозирда Абдураззоқ ака Тўхсонбоев раҳбарлик қилаётган “Сирдарё ёшлари МТП” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини бошлади.
2018 йилнинг куз ойи охирлаб қолганда очилган жамият учун барча зарур ҳужжатлар 2019 йилнинг ёзига келиб расман тайёр бўлди. “Ўзагролизинг”дан 20 дона яп-янги “TTZ-LS 100 HC” пахта териш машинасининг ҳар бирини ўша вақтдаги 350 миллион сўм ҳисобида Гулистонга олиб келинди. Шу бугунги кунда бу машинанинг 1 донаси 680 миллион сўм туради.
Ана шундан сўнг, Абдураззоқ ака Тўхсонбоев, 100 нафарга яқин касб-ҳунар коллежларини битирган тракторчилик дипломига эга бўлган ёшлар ўртасида, ўзи бошчилигида тузилган тест саволларига ҳам илмий, ҳам амалий батафсил жавоб бера олган ва бажара олган 20 нафар ёшни саралаб ишга олди.
Мана бугун улар саховатли Сирдарё пахта далаларида баҳоли қудрат меҳнат қилишмоқда.
– Мана шу машинада бир ўзим бир кунда 10-15 тоннагача пахта териб тўкаяпман, – дейди ўзи бошқараётган “TTZ-LS 100 HC” пахта териш машинаси кўрсатиб, “Сирдарё ёшлари МТП” МЧЖ аъзоси, ёш механизатор Дилшоджон Собиров. – Тўғри, бу машиналар пахта миқдорини “Jon Deer”, “Kess” ёки “Klasse”дек кўп тера олмайди, аммо ўзимизни машиналарда терилган пахта сифати, уларда терилгандан тоза бўлса борки, лекин сифати паст бўлмайди. Яна уларчалик сарфи ҳам баланд эмас. Қолаверса, бошқа хизматларда ҳам фойдаланиш мумкин. Мана шу бизнинг 20 дона “TTZ-LS 100 HC”миз бир кунда 550-600 ҳашарчининг ишини бажаради.

Ушбу машиналарда терилган 1 тонна пахта учун фермер “Сирдарё ёшлари МТП” МЧЖ ҳисобига 600 минг сўм маблағ ўтказиб беради. МЧЖ механизаторнинг 1 тонна терган пахтасига 54 минг сўмдан ҳақ тўлайди. Қолган маблағнинг бир қисми эҳтиёт қисмлар, мой, амартизация ва бошқа кунлик харажатларга сарфланса, маблағнинг қолган асосий қисми “Ўзагролизинг” компанияси ҳисобига ўтказиб берилади.
– Бу жараён беш йил давомида амалга ошириб борилади, – дейди Абдураззоқ ака Тўхсонбоев. – Пахта терими мавсуми тугагандан сўнг, биз бункерларни тракторлардан ечиб олиб, чигит экиш сеялкалари тиркаймиз, культиватор ўрнатиб чопиқ қиламиз, акушка илиб жўяк тортамиз, керак бўлса кичик плуглар илиб ер бўшатамиз ва тиркама тақиб ҳайдов машинаси сифатида фойдаланамиз.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, фақат пахта теришга мослашган “Jon Deer”, “Kess” ёки “Klasse”дан фарқли ўлароқ, ушбу машиналар йил 12 ой ишлатилади. Ишлатилдими, демак у даромад келтиради. Бу эса ана шу механизаторнинг қозонини қайнатади. Дастурхонини бут қилади.
– Бир машҳур ашула ёдимга тушди, – дейди Абдураззоқ ака кулиб. – Кимгадир “Jon Deer” ёқар, ким “Kess” ё “Klasse” шайдоси, мен учун ўзимизни ТТЗ аъло, ТТЗни йўқ баҳоси.
Абдураззоқ аканинг бу хиргойисиданми, унинг ашуласига рақс тушган яна бир “TTZ-LS 100 HC” механизатори Иномжон Мўминовнинг рақсиданми, ҳамма қаҳ-қаҳ отиб кулиб, қарсак чалиб, юборди.