Ўзим Ватан учун нима қилдим?
Миллий армия билан аҳоли орасидаги ҳануз мавжуд “девор”ни олиб ташлашга ва халқимиз мудофаа салоҳиятимиздан бохабар бўлиши кераклигига урғу бердилар.
Яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда давлатимиз раҳбари муҳокамалар марказига мутлақо янги йўналишдаги ғояни, яъни миллий армиядаги ғурур-ифтихор, ватанпарварлик ва руҳиятни халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг онги ва қалбига етказиш энг олий вазифа эканлигини таъкидладилар.
Миллий армия билан аҳоли орасидаги ҳануз мавжуд “девор”ни олиб ташлашга ва халқимиз мудофаа салоҳиятимиздан бохабар бўлиши кераклигига урғу бердилар. Шундагина ёш¬лар қайсидир мамлакатнинг ҳарбий кучига ҳавас билан қараш ўрнига, ўз ватанимиз армияси билан ғурурланади, фахрланади. Ёшларимиз Ватанни севиш ва ардоқлаш, тарихимиз ва бугунги кунимизни асраш йўлида бирлашади, келажакни яратишга ҳамжиҳатликда интилади. Ҳарбий қисмлар олдига ўз атрофидаги аҳолини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, улар билан мулоқот ўрнатиб, адашганлар, хато йўлга кирганлар билан ишлаш ва ватанпарварлик маънавиятини шакл¬лантириш каби катта вазифалар қўйилди.
Бу чорлов ва топшириқларни тинглар эканман, беихтиёр ёшликда қариндош-уруғ, қишлоқдош акаларнинг армияга кетиши ва улар қайтгандан кейинги воқеликлар ёдимга тушди. Президентимиз айтганларидек, ҳарбий хизматга борган ва қишлоққа қайтган ҳар бир акаларимиз биз учун қаҳрамондек эди. Уларнинг юриш-туришига, кийинишига ва гапларига ҳавас қилиб, улардек жасур, ватанпарвар, интизомли бўлишга ҳаракат қилардик.
Синфдош, дўст-тенгқурлар бир-биримиздан ўрнак олиб, хизматдаги акамизга хат ёзиб жўнатардик. Албатта уйдаги, қишлоқдаги бирор янгиликни қистириб ҳам кетардик. Конвертга жойлаб, почтага ҳеч кимга билдирмай ташлаб келардик. Ке¬йин эса жавоб келарди, қувончлиси, хат билан фотосурат (албатта бирор ҳарбий кийим билан ёки ҳарбий техника ёнида) бўларди. Биз ҳам ҳарбийча либос кийишни жуда орзу қилардик.
Албатта, хатда улар бизни яхши ўқишга, “қулоқли” бола бўлишга, уй ишларида дастёр бўлишга ундашарди. Мактубга жавоб олиш катта ютуқдек эди, олинган мактуб бир томондан янада ҳарбий бўлишга ва улардек ватанга хизмат қилишга ундаса, иккинчи томондан бизга ишонаётган акаларимизга муносиб бўлишга чорларди.
Ўйлаб қарасам, ўша давр¬даги мактуб орқали мулоқотлар, бугун Президентимиз айтганларидек, армиядаги маънавиятни бизнинг онгимизга муҳрланишида катта таъсир воситаси бўлган экан. Ўзим ҳам биринчи хатларимни амаким ва тоғамга ёзган эканман. Бу жуда машаққат бўлганини эслайман: нимани ёзаман, қайси янгиликни айтсам экан, қандай мақтанай, улардан нимани сўрай каби саволлар бошимда ғувуллаб айланган, демакки фикрни тўғри баён қилиш, кўрган-кечирганларимизни таҳлил қи-лишга ҳаракатлар айнан ўша пайтда бошланган. Ёш ука, сингил, жиянларидан хат олган аскар акаларга ҳам оғир бўлгандир. Ахир, жавоб ёзиш ҳам осонмас! Нима бўлганда ҳам биз уларга уйни эслатиб турсак, улар бизга армиядаги руҳиятни етказиб туришганини энди тушуниб етгандекман.
Президентимиз аҳолини, аввало, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армиянинг сафарбарлиги бўйича берган жуда муҳим топшириқлари замирида ўз ҳаётимизда кўрган ана шундай “икки томонлама мулоқот” ётганлигини англадик. Ўзимга савол бердим: бугун мен аскар бўлсам нима қилардим? Ҳеч иккиланмай айтаманки, ҳар бир ўспирин жигарларимга эрин¬май қоғозда мактуб ёзардим ва уларни ҳам мактуб орқали жавоб ёзишга ундардим. Бир нарса аниқ, одам қўлига қалам олиб ўз кечинмаларини, саволларини ва тилакларини қоғозга туширар экан, унинг “ҳақиқати” кўп бўлади ва бунда юқорида айтганимдек, ички ривожланиш, интеллект пайдо бўлади.
Албатта, ҳозирги замонавий технологиялар (мобиль алоқа, SMS, мессенжерлар ва ҳ.к.) пайдо бўлиб, почта хизматлари доираси тора¬йиб кетган даврда бу бировга эриш туюлиши мумкин. Бироқ миллий армиямиздаги ғурур ва руҳиятни ҳар бир оиладаги мурғак қалбларга кириб боришида мактуб орқали мулоқотнинг ўрни беқиёслигига мен қаттиқ ишонаман.
Ушбу йиғилишда муҳтарам Президентимиз ҳар бир раҳбар олдига ўзим Ватан учун нима қиляпман ва қандай ишларни амалга ошираман, деган саволларни қўйишимизни уқтирдилар.
– Армия моддий жиҳатдан энг замонавий ва зарур воситалар билан таъминланган бўлиши мумкин, лекин ахлоқий жиҳатдан заифлиги, жанговар руҳи, Ватанга содиқлик ва муҳаббат, унинг тақдири учун масъулият ҳисси йўқлиги ёки лоқайдлик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин, – дея таъкидлади Юртбошимиз.
Йиғилишда ҳарбий салоҳиятни ошириш, замонавий технологияларни кенгроқ жалб қилиш, чегараларни қўриқлашни сим тўсиқлар билан эмас, замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация ҳамда робототехника технологияларидан фойдаланиб ташкил қилиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Энди жамоатчилик тартибини сақлаш, илм-фанга асосланган тизим яратиш, ахборот хавфсизлиги ишларини амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берилди.
Тарихдан маълумки, инновацияларнинг яратилиши ва қўлланилиши учун энг мақбул майдон бу – ҳарбий платформалардир. Инновациялар айнан ҳарбий соҳадан халқ хўжалигининг турли соҳаларига кириб келган. Ҳозирда янги инновациялар ва ақлли маҳсулотлар яратишга қаратилган 10 дан ортиқ илмий фаолиятга оид грант лойиҳалари амалга оширилаётган бўлса, 2020 йили бу лойиҳалар сони икки баробаргача оширилиши бўйича давлат буюртмаси шакллантирилди. Ўзбе¬кистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда мудофаа саноатига мос асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва ахборот хавфсизлиги бўйича илмий лойи¬ҳалар амалга оширилади. Ҳарбий соҳага робототехника ишланмаларини (масалан робот сапёр каби) татбиқ қилиш кенгайтирилади.
Вазирликда аэрокосмик тадқиқотлар бўйича замонавий лабораторияни ташкил қилиш ва илмий дастурлар шакллантириш чоралари кўрилади. Жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Ақлли шаҳар” концепциясининг амалий давоми сифатида айрим ҳудудларда “пилот” лойиҳалари амалга оширилади.
Мудофаа вазирлиги қо¬шидаги янги ташкил қилинган Ахборот техноло¬гиялари ва алоқа институтида инновацион технологияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастури шакллантирилиб, замонавий мутахассислар тайёрлаш ишлари ва ҳарбий соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш ҳамда талаба-кур¬сант¬ларда зарур кўникмаларни шакллантириш ишлари олиб борилади. Ушбу олиб борилаётган ва режадаги ишлар мамлакатимиз мудофаасининг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири.
Манба: "Hurriyat" газетаси