Зилзилага бардошли ўттиз қаватли уйларнинг сири нимада?
Ҳудудларимиз, айниқса, пойтахтимиз йилдан-йилга чирой очмоқда.
Ҳудудларимиз, айниқса, пойтахтимиз йилдан-йилга чирой очмоқда. Замонавий кўп қаватли биноларнинг қурилиши Тошкентнинг жаҳон мегаполислари қаторидан муносиб жой олишига хизмат қилмоқда.
Бу борада жаҳон стандартларини жорий қилиш мақсадида қурилаётган объектларнинг архитектуравий ва конструктив ечимлари илғор хорижий тажриба асосида қайтадан кўриб чиқилмоқда. Уйларни қуришда энергосамарадор ва ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш, анъанавий ғишт ўрнига пенобетон, газобетон ишлатиш, унинг иссиқлик изоляциясини материаллар билан қоплаш шулар сирасидандир.
– Кўп қаватли бинолар қуриш борасида дунё миқёсидаги халқаро стандартлар қўлланган тизимни Ўзбекистонга олиб келдик ва жорий этишни бошладик, – дейди “Олмазор бизнес сити” лойиҳаси координатори, Туркиядаги “Меса Мескен” компанияси вакили Хакан Сезер. – Бу борада бизнинг лойиҳаларимизни қўллаб-қувватлагани учун Президентингизга миннатдорчилик билдирамиз.
Кейинги йилнинг охирига қадар биз Тошкентда дунё стандартлари асосида қурилган 30 қаватли бинони фойдаланишга топширамиз. Уни қурилиш жараёнига қизиққанларни ва яқиндан кўришни хоҳлаганларни Олмазор ситига таклиф қиламиз.
Биласизлар, Туркия зилзила кўп кузатиладиган минтақа ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам шундай. Шуни ҳисобга олиб, биноларни қуришни бошлашдан олдин ерни таркибини таҳлил қилиб, лаборатория текширувидан ўтказдик. Тупроқ таркибига, унинг ҳолатига кўра лойиҳа дизайни яъни бинонинг кўриниши қандай бўлиши белгиланади.
Бизнинг технологиямизда ер тагидаги мустаҳкам қатламни топиб, унга бетонли устунлар қўйилади. Кейин туннел қолип тизимида қуришни бошлаймиз. Бу зилзилага қарши турадиган, бардошли тизим бўлиб, бинонинг асосий суяги бетон бўлади. Хоҳловчилар учун унинг ён тарафларига ғишт ҳам териш мумкин.
Туннел қолип тушунчасига тўхталадиган бўлсак, бу тизим ҳозирда дунёда энг тез бино қуриш усули ҳисобланади ва кенг жорий этилмоқда. Унинг номи шундай бўлиб,туннелда ишлатилмайди, балки кўриниши қолипи туннелга ўхшагани учун шундай номланган. Бетон қолипга тўкилгандан кейин ташқаридан очиб, олинади ва керакли жойга бир-бирига тақилган ҳолда ўрнатилади. Бу усулда икки кунда битта қаватни кўтариш имкони бўлади. Бунда сифат ҳам таъминланади. Қолипда бўлгани учун деворлар жуда силлиқ ва текис бўлади.
Қайд этиш керакки, Туркиянинг мазкур қурилиш компанияси дунёнинг ўндан ортиқ давлатда ўз брендига эга. Мисол учун, Россия ва Германияда кўп қаватли уй-жойлар қуриш борасида биринчи ўринда туради. Шунингдек, Белград, Варшава, Москва шаҳарларида доимий лойиҳаларини бажариб келмоқда.