Зиддият бутун инсониятни чарчатмоқда...
Россия-Украина
АҚШ Президенти Жозеф Байден ва Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби Нгуен Фу Чонг, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ меъёрига биноан, Украинада кенг миқёсли, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш зарурлигини қайд этдилар. Бу ҳақда Ханойда ўтган икки томонлама музокара якуни бўйича тарқатилган қўшма баёнотда айтилган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келган. Вазирлик матбуот хизмати ахборотида қайд этилишича, у Украинанинг ЕИга кириш йўлидаги саъй-ҳаракатини тўла қўллаб-қувватлашга кафолат берган. Шу билан бирга ҳамкор томонни фаол ислоҳот олиб боришга чақирган. Эслатилишича, бу ГФР ташқи сиёсат идораси раҳбарининг охирги бир ярим йил ичида Киевга тўртинчи бор ташриф буюриши. Бербок, шунингдек, 2024 йил Берлинда Украинани қайта тиклашга бағишланган халқаро конференция ўтказилишини ҳам маълум қилган.
МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Запорожье АЭС атрофидаги вазият Россия ва Украинада яқин орада бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувда муҳокама қилинишини айтган. Бу ҳақда мазкур халқаро ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Сильва матбуот анжуманида Украина атрофидаги зиддият инсониятни чарчатаётганини таъкидлаган:
“Менимча, ҳамма яхши тушуниб турибди, бу можаро инсониятни чарчатяпти, одамларни ҳоритмоқда”. Бу иқтибосни “CNN Brasil” телеканали келтирди.
Украинанинг янги мудофаа вазири Рустем Умеров ўзининг илк телефон суҳбатини америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан ўтказди. Пентагон хабар беришича, мулоқот чоғида кейинги ҳафта “Рамштайн” форматида бўлиб ўтадиган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи учрашуви кун тартиби муҳокама қилинган.
“Вазир Остин ҳамкасби Умеров билан АҚШ томонидан хавфсизлик соҳасида Украинага бериладиган кўмак тўғрисидаги янги маълумот билан ўртоқлашди, ушбу мамлакатни бевосита қўллаб-қувватлаш учун жанг майдонида ва истиқболда зарур бўладиган эҳтиёжни кўриб чиқди”, дейилади баёнотда.
Чехияда бўлиб турган украиналик қочоқларнинг вақтинчалик ҳимояси мақоми яна бир йил – 2025 йил 31 мартгача узайтирилади. Бу ҳақда idnes.cz портали маълум қилди. Ҳозир Чехияда 360 мингга яқин украиналик қочоқ яшамоқда, уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади. Халқаро миграция ташкилоти тадқиқотига кўра, фақат ўн фоиз қочоқ юртига қайтишни истайди.
Давлат департаменти ва Пентагон Президент Жо Байденга Украинага узоқ масофали “ATACMS” ракеталари етказиб беришни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб “CNN” маълум қилди. Хабарда айтилишича, “мазкур ракеталар Украинанинг қарши ҳужумида яхши асқотиши мумкин”.
Киев ҳукумати БМТ Бош ассамблеясининг олий даражадаги ҳафталиги очиладиган 19 сентябргача АҚШ томонидан “ATACMS” ракеталари етказиб берилишига умид қилмоқда. Бу ҳақда “Politico” ёзди.
“Handelsblatt” нашри, манбани очиқламай, “Ғарбдаги сиёсатчилар ва ҳарбийлар Украинанинг қарши ҳужуми истиқболига ишонч камайиб бораётганини қайд этмоқда”, деган сўзларини келтирди. Ғарбдаги расмий вакиллар ва ҳарбийлар билан суҳбатлар аноним шарти билан ўтказилган.
Россия – Украина инқирози нафақат икки мамлакат ёки минтақа, балки бутун дунё учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деди Стэнфорд университети катта илмий ходими Фрэнсис Фукуяма.
– Ушбу низо якунига қараб, бошқа мамлакатлар, айниқса, Россия билан боғлиқ Грузия, Молдова ва Қозоғистонда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин, – таъкидлади Фукуяма. – Зиддиятнинг Жануби-шарқий Осиёга таъсири ҳам сезиларли бўлади.
Аброр ХОН,
ЎзА