Зиддият атрофида янги фикрлар...
Россия-Украина
Украинадаги вазият, озиқ-овқат, энергетика хавфсизлиги ва бошқа глобал муаммолар “G20” Ташқи ишлар вазирлари учрашуви иштирокчилари диққат марказида бўлади. Бу ҳақда “Press Trust of India” агентлиги хабар қилди.
НАТО Украинага ёрдамни кенгайтириши кескинлашув хавфини юксалтиради, деди Шимолий Атлантика альянси Бош котиби Йенс Столтенберг.
“НАТО иттифоқчилари келишиб олишди – Украина узоқ келажакда Альянсга аъзо бўлади”, деб қўшимча қилди у.
АҚШ инқирозда Украина ғолиб чиқишини истайди, бунга қандай эришишни эса Киевнинг ўзи ҳал этиши керак, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби “Bloomberg” агентлигига интервьюсида. Сиёсатчи баёнотига кўра, “Украина Россия билан қандай шарт асосида музокара бошлашини ўзи айтиши керак”.
Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Хитойга ташрифи Украина атрофидаги зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал этишда Пекинга самарали кўмак беради. Бу ҳақда ХХР Халқаро тадқиқотлар институти Европа департаменти директори Цуй Хунцзянь маълум қилди.
Пентагон Қўшма Штатлар Киевга қурол-яроқ ва ҳарбий техника етказиб беришда зиддият кескинлашиб кетиши таҳдидига эътибор бермаяпти, деди АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кол.
“Украина ҳозир ҳарбий соҳада Ғарбнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож. Киев АҚШнинг, шунингдек иттифоқдошлар ва шериклар ёрдамига боғланиб қолган. Агар бу кўмак тўхтатиб қўйилса, мувозанат Россия фойдасига ўзгаради”, деди у.
Қўшма Штатлар Мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Селест Уолландернинг айтишича, Оқ уй маъмурияти етказиб берилаётган қурол-аслаҳа учун Украина мустақил равишда тўлов амалга оширишни бошлаши керак, деб ҳисоблайди.
АҚШ Қуролли кучлари Штаб бошлиқлари қўмитаси тезкор бошқармаси раҳбари, генерал-лейтенант Дуглас Симснинг маълумотига қараганда, бир йил давомида тўрт минг украиналик АҚШда ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
Хитой томонидан Россия Қуролли кучларига тахминий қурол ва ўқ-дори етказилиб берилиши низо муддатини сезиларли даражада узайтиради. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби, генерал Патрик Райдер маълум қилди.
Германиянинг “Rheinmetall” мудофаа концерни Украинага қиймати бир неча миллион еврога тенг инфрақизил камерали автоматлаштирилган “SurveilSPIRE” разведка тизими ва учувчисиз бошқариладиган учоқлар етказиб беришни бошлади, дейилади концерн расмий сайтида.
Украина Президенти Владимир Зеленский Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон билан учрашди, деб ахборот берди давлат раҳбари матбуот хизмати. Хабарда айтилишича, “Украина ҳудудида содир этилган даҳшатли жиноятлар жазосиз қолмаслиги керак”, дея таъкидлаган давлат етакчиси.
Украина ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги икки мамлакат давлат чегараларида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро муносабат бўйича 2011 йил Донецкда имзоланган битим ижроси тўхтатилади. Ушбу баёнотни ҳукуматнинг Олий рададаги вакили Тарас Мельничук эълон қилди. Шунингдек, Киев Украина ва Беларусь ўртасида 1995 йил Киевда имзоланган айни шу мазмундаги Битимни ҳам бекор қилган.
Аброр ХОН,
ЎзА