Журналистнинг нони қаттиқми?
Халқ журналистга ишонади, унга дардини айтади.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Халқ журналистга ишонади, унга дардини айтади. Журналистга муаммосини ҳал этиб берадиган куюнчак инсон сифатида қарайди. Бугун айни шу жиҳат, яъни халқнинг ишончига муносиб бўлиш умиди босма нашрлар таҳририятларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимизни шу соҳада тутиб турибди, десак асло муболаға бўлмайди.
Йўқса, босма оммавий ахборот воситаларининг бугунги аҳволи қувонарли эмаслиги аччиқ ҳақиқат. Ҳатто нуфузли нашрлар адади ҳам кескин тушиб кетган. Бу ўз-ўзидан таҳририятларнинг молиявий аҳволига, уларда меҳнат қилаётганларнинг даромадига жиддий таъсир кўрсатган.
Шунга қарамай, пок қалбли, бошқалар дардини ўз дарди деб биладиган, газетачиликни тақдири деб қабул қилган инсонлар ишлайдиган таҳририятлар келажакка ишонч билан, собитлигу садоқат билан фаолият юритаётгани қувонарлидир.
Ана шундай жамоалардан бири, ҳеч шубҳасиз, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги «Қашқадарё» ва «Новости Кашкадари» газеталари таҳририяти ҳисобланади. Жорий йилда асос солинганига 95 йил тўлган «Қашқадарё» газетаси саҳифаларини варақлар экансиз бунга тўла ишонч ҳосил қиласиз.
Ҳар бир сонда вилоят ҳаётига оид энг ишончли хабарлар билан бирга, ҳеч бўлмаганда битта чуқур таҳлилга асосланган, «тош босадиган», аҳолини қийнаётган муаммоларнинг ечимини излашга қаратилган мақола ўқийсиз.

Тўғри, бугун турли ижтимоий тармоқлардан истаганча янгилик олиш мумкин. Газеталарда ҳам шулар атрофида сўз боради. Аммо фарқи шундаки, «Қашқадарё» газетаси таҳририятида нашрда берилаётган оддий бир хабарнинг ҳам ишончли бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Одамларни зериктириб қўйган ҳайбаракаллачилик, кўтар-кўтарлардан қочилади. Холисликка, аниқликка урғу берилади. Бу муштарийга воқеа-ҳодисани қандай бўлса шундайлигича, борича қабул қилишга имкон яратади.
Танқидий-таҳлилий мақолаларда бир ёқлама қарашдан қочилади, иккинчи томоннинг, зарурат бўлганда бетараф кишиларнинг ҳам фикри инобатга олинади ва бу баҳсларда ҳақиқат туғилади.
Газета қатламларини варақлар экансиз, 2019 йилда 200 дан ортиқ, жорий йилда юзга яқин долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этилганига гувоҳ бўласиз. Хурсанд қиладиган жиҳати, уларнинг баъзиларида кўтарилган муаммолар ўз ечимини топиб, одамлар ҳаётига енгиллик кирган. Бошқалари эса баъзи соҳа мутахассисларининг газетага, унда босилган мақолага беэътиборлиги учунгина бесамар қолган.
Интервью: Нафас Шодмонов, Қарши давлат университети профессори.
Таҳририят жамоаси ҳар бир масалани охиригача етиш ва муаммони ҳал қилиш мақсадида чоп этилган танқидий мақолаларни мутасадди ташкилотларга расмий хат билан жўнатишга одатланган. То муаммо баратараф этилмагунча ўзлари ҳам тиним билишмайди, бошқаларни ҳам тиндиришмайди. Бундан элу юрт манфаат кўради. Энг муҳим шу.
Кейинги пайтларда газета дизайнида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Бир хилликдан холи саҳифалар бир қарашдаёқ эътиборни жалб этиши учун бутун жамоа якдил ҳаракат қилади. Фотомухбир мақолаларга мос суратлар топса, саҳифаловчи уни ўз ўрнига жойлаштириш, мақолаларни шаклан ўқишли қилиш, сал муболаға қилиб айтганда, «гапиртириб юбориш» учун тиним билмайди.
Одамлар газетада сўз қандай ёзилса, шуни тўғри деб ҳисоблайди. Шу боис таҳририятда газета саҳифаларида грамматик хатолар бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратилади. Баъзи таҳририятларда мусаҳҳиҳликни, саҳифалашни, ҳатто муҳаррирликни ҳам бир киши қилаётган бўлса, бу ерда битта саҳифа бир эмас, икки эмас, нақ беш нафар мутахассиснинг назоратидан ўтади.
Таҳририят жамоаси фақат босма нашрнинг сифатини яхшилаш, унинг бошқа нашрлардан ҳар жиҳатдан олдинда бўлишини таъминлаш билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Газетанинг веб-сайти ҳам доимий равишда янгиланиб, унга вилоят ҳаётига оид энг муҳим хабарлар жойланиб бормоқда. Телеграм каналига ҳам ҳар соатда хабар жойлаштирилади ва, энг муҳими, уларнинг асосий қисми муаллифлари таҳририят аъзолари. Бошқа каналларга ҳавола қилинган хабарларни деярли учратмайсиз. Хабарларда холислик уфуриб туради.
- Республикаси Конституциясининг XV боби Оммавий ахборот воситалари, деб номланган. Ушбу бободаги 67-моддада «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди »дея қатъий белгилаб қўйилган, - дейди «Қашқадарё» газетаси бўлим муҳаррири Жаҳонгир Боймуродов. - Бу мамлакатимизда аввалбошданоқ оммавий ахборот воситаларига юксак ишонч билдирилгани, соҳа ходимларининг эркин фолият юритиши, ҳақ-ҳуқуқлари нафақат тизимга оид қонунчилик нормалари, балки, мамлакатнинг Бош Қомуси орқали мустаҳкамлаб қўйилганини англатади. Сўнгги йилларда эса журналистикага бўлган эътибор янада кучайди. Аслида журналист ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ сўзни айтишдан қўрқмасагина шу касбга муносиб бўладию, бироқ сўнгги йилларда эркин сўз, эркин фикр билдириш имкони янада кенгайди. Бугун журналистнинг интернет нашрида бўладими, босма нашр ёки телевидение, радиодами ишлаши, ўзини кўрсатиши, халқ дардини, жойларда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни олиб чиқиши, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиши учун барча имконияти бор.
Таҳририят жамоаси келажакка ана шундай ишонч билан интилмоқда. Бу интилишлар албатта ўз самарасини бериб, нашр адади яна кўпайишига, веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари янги мазмун билан бойишига, пировардида улар халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.