Жиззах ва Марғилон шаҳарларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни 55-моддасида 2020 йилнинг 1 майига қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни 55-моддасида 2020 йилнинг 1 майига қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Уйжойфондинспекцияси”, Жиззах шаҳар ҳокимлиги, манфаатдор идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан 6 та йўналиш бўйича тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш бўйича асосий йўналиш ва вазифалар белгиланди.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги мавжуд кўп квартирали уйларни бошқараётган Уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўлиқ хатловдан ўтказилади. Кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий фикрларини ўрганиш, улар билан бевосита ишлаш чоралари кўрилади.
Айни пайтда Жиззах шаҳрида ишчи гуруҳлари ўз ишини бошлаган. Улар томонидан кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатаётган 53 та Уй-жой мулкдорлари ширкатининг 21 таси фаолияти тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда. Жиззах шаҳрида жойлашган 523 та кўп квартирали уй 52 та йўналиш бўйича тўлиқ хатловдан ўтказилиши режалаштирилган.
Шаҳар ҳокимлиги масъуллари, Давлат солиқ инспекцияси, Марказий банк ва 9 та тижорат банки раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан УЖМШларнинг иқтисодий аҳволи, муддати ўтган кредит қарздорлиги сабаблари ўрганилмоқда. Кўп квартирали уйларда жойлашган нотурар жойлар учун тўланаётган мажбурий бадаллар, уйларга жойлаштирилган реклама ва теле-кабель ташкилотлари томонидан ижара ҳақи тўламаслик ҳолатлари хатловдан ўтказилмоқда. Соҳа мутахассислари томонидан шаҳардаги кўп квартирали уйлар харитасини яратиш, уларни паспортлаштириш ва уйларга чегарадош ҳудудларни белгилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида ҳам 35 та Уй-жой мулкдорлари ширкатининг фаолияти 21 та йўналишда тўлиқ текширувдан ўтказилди. Ҳудуддаги 291 та кўп квартирали уйнинг техник ҳолати ўрганилди. Шу ерда яшаётган 11,7 мингга яқин аҳоли билан мулоқот олиб борилмоқда. Аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш учун “Илмий маслаҳат кенгаши”ни ташкил этиш ва унга Олий таълим муассасаларида коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ йўналишларда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларни, илмий-тадқиқот ўтказаётган изланувчиларни ва амалиёт (стажировка)чи талабаларни жалб этиш кўзда тутилган.