Жиноятчиликка қарши курашувчи профессионалларнинг халқаро учрашуви
Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар пойтахтлари ички ишлар/полиция идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар пойтахтлари ички ишлар/полиция идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
МДҲга аъзо давлатлар пойтахтлари ички ишлар/полиция идораларининг юқори лавозимли ходимларини бир жойга тўплаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари кенгашида илгари сурилган. Ушбу ташаббус МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида Уюшган жиноятларга ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси томонидан қўллаб-қувватланди.
Бунинг амалий натижаси бўлган Тошкент учрашувида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон делегацияси ҳамда Ўзбекистон ички ишлар органлари масъул ходимлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида Уюшган жиноятларга ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси масъул ходимлари иштирок этди.

Айтиб ўтиш керакки, ушбу форматдаги учрашувдан кўзланган мақсад – МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органларининг пойтахт полициялари, ички ишлар идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдир.
Учрашув доирасида Тошкентдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов меҳмонларни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаш баробарида жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро, кенг миқёсли ҳамкорлик йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
– Жиноятчиликка қарши курашишдан кўра унинг олдини олишга қаратилган замонавий механизмларни жорий этиш долзарблашиб бормоқда, – деди Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев. – Ахборот технологиялари соҳасида, гиёҳванд моддалар айланиши ва терроризмга қарши курашиш йўналишларида зарур ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Чунки бундай жиноятлар трансчегаравий характерда бўлиб, илдизи турли давлат ёки шаҳарда бўлиши сир эмас. Бу эса уларга қарши ҳамкорликда курашишни тақозо қилади.

– Жиноятчиликка қарши курашувчи идоралар вакилларининг бундай йирик форматдаги учрашуви Ўзбекистонда илк бор ташкил этилди, – деди МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида Уюшган жиноятларга ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси бошқарма бошлиғи Роман Волков. – Бунда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг саъй-ҳаракати муҳим роль ўйнади. Ўз соҳасининг йирик профессионаллари бир жойга жамланиб ўзаро тажриба алмашиши ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз. Келгусида бундай учрашувларни ҳар йили ўтказишни мақсад қиляпмиз.
Йиғилишда мазкур турдаги учрашувга доимий маслаҳат органи мақоми бериш ва ушбу форматдаги фаолият тўғрисидаги низом ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузиш бўйича фикр алмашилди.
Иштирокчилар бу борада Ўзбекистон томонининг Тошкент учрашувига доимий ишчи органи мақоми беришга оид таклифини қўллаб-қувватлади.