Жайрон нега кўзинг тўла ёш...
Радиодан қўшиқ таралмоқда: Сенга тошлар отди қай гумроҳ, Жайрон нега кўзинг тўла ёш...
Радиодан қўшиқ таралмоқда: Сенга тошлар отди қай гумроҳ, Жайрон нега кўзинг тўла ёш...
Жайронни ҳаётда кўрмаганман. Савқитабиий шуурим билан ҳис қиламанки, улар жуда ёқимли, марғуб жонивор.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров билан суҳбатимиз табиатнинг ана шу инжа жонивори мавзусидан бошланди.
– Жайронлар Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасининг чўл ҳудудларида яшайди. У кичик, лекин чиройли жонивор (кўз ости қорамтир тусда, шу сабаб йиғлаганга ўхшаб туради), танаси хушбичим, оёқлари нозик, ингичка бўлгани сабабли чаққон, тез югурувчан, ранги қум-кўл рангда. Жайроннинг урғочилари шохсиз, эркаклари шохли бўлиб, шохининг узунлиги 27-35 сантиметрга етади. Баҳорда жайронлар биттадан бола туғади ва дастлаб боласини буталар орасида беркитиб олиб юради, сўнгра онаси ортидан эргашиб юраверади. Илгари жайронлар тўда-тўда бўлиб яшар эди, сўнгги йилларда браконьерлар томонидан ноқонуний овланиши туфайли улар сони жуда камайиб кетди. Жайронлар ҳозир Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
– Тириклик дунёси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Битта ўсимлик ёки ҳайвон турининг нобуд бўлиши, яшил борлиқнинг табиий мувозанатига салбий таъсир кўрсатади. Ўлмас ака, айтингчи, бугун юртимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
– Айтиш жоизки, юртимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ноёб гиёҳ ва мавжудотлар йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш борасида 15 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Юртимизда ўсимликлар олами 11 минг, ҳайвонот олами 16 минг турни ташкил этади.
Бугунги кунда диёримиз табиати ва ундаги биохилма-хилликни асраш, уларни кўпайтириш ишлари мамлакатимиздаги Чотқол, Зомин, Нурота, Ҳисор, Китоб, Сурхон, Қизилқум каби 7 та қўриқхона, 1 та “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Зарафшон ва Зомин миллий табиат боғлари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ва Угом-Чотқол давлат биосфера резервати, 12 та давлат буюртмахоналари, питомниклар фаолият юритмоқда.
– Браконьерлик туфайли ҳайвонот дунёсидан ноқонуний фойдаланиш, яъни ноқонуний ов қилиш ҳолатлари ҳам турли ижтимоий тармоқлар орқали кенг оммага ошкор қилинмоқда? Аниқланган қонунбузарликларга қандай чоралар кўрилмоқда?
– 2019 йил биринчи ярим йиллигида ўтказилган давлат экологик назорати натижаларига кўра, республика миқёсида жами 17 минг 60 юридик ва жисмоний шахс жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан жами 8 миллиард 10 миллион сўм жарима ва табиатга етказилган даъволар белгиланди. Соҳага оид аниқланган қонунбузарликлар сони 2018 йилнинг бирини ярим йиллик якунларига нисбатан 62,9 фоизга, белгиланган жарималар суммаси эса 130 фоизга ортган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида браконьерлик туфайли ҳайвонот дунёсидан ноқонуний фойдаланиш, яъни ноқонуний ов қилиш соҳасида 158 қонунбузарлик бўйича белгиланган жарима 35,4 миллион сўм, уларга етказилган зарар учун белгиланган даъво суммаси 84,3 миллион сўмни ташкил этади. Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 84,8 фоизга, белгиланган зарар суммаси эса 42,7 миллион сўмга ортган.
Ноқонуний равишда балиқ овлаш қонунбузарликлари бўйича 431 ҳолат аниқланиб, қонунбузарларга нисбатан белгиланган жарима 98,4 миллион сўмни, балиқларга етказилган зарар миқдори эса 626 миллион сўмни ташкил этди.
Ўсимлик дунёси объектлари бўйича аниқланган қонунбузарлик ҳолати 2533 та бўлиб, белгиланган жарима 515,3 миллион сўмни, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 2 миллиард 243 миллион сўмни ташкил этди.
Жарима ва зарарни ундириш ҳамда тегишли чора қўллаш мақсадида 189 маъмурий ҳамда жиноий иш ҳужжати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида аниқланган қонунбузарликлар сони ўтган йилга нисбатан 538 тага ёки 27 фоизга, белгиланган жарима суммаси 252,6 миллион сўмга ёки 96 фоизга ортган, белгиланган зарар бўйича даъво сони 223 тага ёки 16,54 фоизга кўпайган.
...Болалигимда момом раҳматли гилам тўқиб ўтириб, тўқув қиличининг бориб келиши асносида, “ҳар ким қилса ўзига, ҳар ким қилса ўзига” дея хиргоий қиларди. Бугун табиатга, атроф-жавонибга қилинаётган ҳар қандай ноҳақлик, қонунбузарликлар албатта бир куни турли кўринишда ўзимизга қайтгувчидир. Тўғри, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда суриштирув ишлари олиб борилиб, айбдорларга тегишли жазо чоралари қўлланилади. Лекин дунёда гўзаллик, эзгулик каби ёруғ тушунчалардан бехабар кимсаларга инсоф сўраймиз.
Жайрон тимсолида куйланган қўшиқ яна хаёлимизда парвоз қилади.
Сенга тошлар отди қай гумроҳ,
Жайрон нега кўзинг тўла ёш...