Жамғарма маблағи самарали сарфландими?
Вазир ўринбосари вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳамроев ва туман мутасаддилари ҳамроҳлигида ҳудуддаги аҳвол билан яқиндан танишди.
Аҳолининг ишсиз, банд бўлмаган ҳамда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳолига ажратилаётган субсидиялар ҳисобига амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Нодир Якубов Бухоро вилояти Пешку туманида бўлди.
Вазир ўринбосари вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳамроев ва туман мутасаддилари ҳамроҳлигида ҳудуддаги аҳвол билан яқиндан танишди.
Туманнинг “Садир” МФЙдаги “Ёшлар боғи”да кўнгиллилар қўли билан яратилган боғда мазкур маблағ ҳисобидан олинган 20 минг туп кўчат ўтқазилгани кўрилди. “Навоий” МФЙ да ташкил этилаётган “Пешкў боғи” ишлаб чиқариш кооперациясига ҳозирда ишсиз ва чет элга қатнамоқчи бўлган фуқароларнинг 120 нафари жалб қилинганлигига гувоҳ бўлинди. Бу фуқароларнинг ҳар бирига 0,45 сотихдан ер майдони ажратилди. Уларнинг 50 нафарига 111,5 миллион сўмлик субсидия маблағи берилди. Қолган 70 нафар фуқарога субсидия маблағини ажратиш ишлари давом этмоқда.
Худди шундай, субсидия тариқасида “Ибн Сино” МФЙ да яшовчи аҳоли хонадонларининг 16 тасига 35 тубдан лимон кўчатлари берилган. “Малишояк“ МФЙ да эса 15 та хонадоннинг ҳар бирида жамғарма маблағи ҳисобидан 3 сотихдан узумзор-токзор барпо этилган.
Туманда ўзининг лимончилик мактабига асос солиб, тармоқни кенгайтиришга ҳисса қўшаётган миришкор деҳқон Нусрат Саидов хонадонидаги иссиқхонага ташриф буюрган мутасаддилар тажриба ва иш услуби, ҳудудда лимончилик тарғиботи юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.