Жаҳон бозорига чиқишнинг муҳим омили
Пойтахтимизда 13-14 октябрь кунлари Х Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади.
Пойтахтимизда 13-14 октябрь кунлари Х Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу нуфузли ярмарка жаҳон пахта саноати етакчилари, тўқимачилик корхоналари вакиллари ва савдо агентларига мамлакатимиз пахта комплексини ривожлантириш стратегияси билан танишиш, савдоларда қатнашиш, шартномалар тузиш имкониятини яратади.
Ҳар қандай харидорни биринчи галда маҳсулот сифати қизиқтиради. Мамлакатимизда пахта толасини энг илғор халқаро стандартлар асосида сертификатлаш билан ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилардан мустақил бўлган, Европа ва Америкадаги етакчи пахта уюшмалари аъзоси – “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази шуғулланади. Ҳар бир вилоятда унинг бўлимлари мавжуд. Мингдан зиёд мутахассис фаолият юритаётган, юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи толамиз сифатини кафолатловчи мазкур марказнинг миллий маълумотлар базасида юртимизда етиштириладиган барча пахта навлари, пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган тола ва момиққа оид сифат кўрсаткичлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар жамланган. Ҳар бир ҳудудда етиштирилган пахта толаси сифат кўрсаткичлари ва оғирлиги бўйича “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказининг ҳудудий лабораторияларида синовдан ўтказилиб, назорат қилиб борилади.
– Мамлакатимизда пахта толасини сертификатлаш ва синовдан ўтказишда энг замонавий ускуна – HVI тизимларидан фойдаланилмоқда, – дейди “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази бош директори Ҳакимжон Умархўжаев. – Бир кунда мингтагача намуна олиш имконини берадиган ушбу тизим толанинг узунлиги, пишиқлиги, ранги, сифати, микронейри, калта тола миқдори каби кўрсаткичларни аниқлаб беради. Синов натижаларига асосан тола тўдаларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилиб, у ишлаб чиқарувчи корхонага тақдим қилинади.
Юртимизда HVI тизимларида пахтанинг сифатини аниқлаш усули қўлланилаётгани бежиз эмас. Зеро, у селекционер олимларга саноатчилар талабига мос навларни етиштиришга ёрдам бериб, пировардида ўзбек пахтасининг сифатини яхшилаш ва унинг рақобатбардошлигини оширишда қўл келади. Шу боис “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказини 2013-2017 йиллар давомида босқичма-босқич модернизация қилиш ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлаш кўзда тутилган. Унга кўра, 35 ярим автоматли Uster HVI 900 SA тизими ўрнига техник таснифлари такомиллаштирилган, унумдорлиги юқори бўлган 18 автоматлаштирилган Uster HVI 1000 тизими босқичма-босқич ўрнатилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда “Сифат” марказида ғўза навлари ва етиштирилган пахта толасининг сифат кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилинаётгани ва шу асосда агротехник тадбирларни яхшилаш, янги навларни районлаштириш ва HVI тизимларини қўллаш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани натижасида тўқимачилик саноати учун мақбул бўлган 4 типдаги толанинг миқдори ошиб бормоқда.
Қувонарлиси, ўтган йили “Олий” ва “Яхши” синфларининг умумий улуши 84 фоизга етди. Толанинг узунлиги бўйича 4 типга мансуб толаларнинг умумий ҳажми 2012-2013 йиллар ҳосили бўйича 77,6 фоиздан 80,8 фоизгача ортди.
“Сифат” маркази 10 йилдан зиёд вақт мобайнида ўтказаётган HVI тизимларидаги синовларни аниқлик даражасини баҳолаш мақсадида Германиянинг Бремен пахта уюшмаси ҳамда Америкадаги Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси билан биргаликда юздан ортиқ мамлакат иштирокидаги Халқаро инструментал солиштирув тест синовларида мунтазам иштирок этиб келаётгани ҳам эътиборга лойиқ. Негаки, бу жараёнда ўзбек пахтаси сифатини баҳолашда жаҳон бозорида қабул қилинган стандартларга тўлиқ риоя қилиниши таъминланмоқда.
Пахта толасининг синовлари, унинг тўлов тизими, нав таркибини яхшилаш ва пахта тозалаш саноатининг самарадорлигини оширишга оид ислоҳотлар ўзбек пахтасининг истеъмол талаблари юқори бўлишига замин яратмоқда. “Сифат” маркази ўз иш фаолияти давомида толанинг сифатини баҳолаш мезонлари ва усулларини доимий такомиллаштириб, қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган тола сифатини ошириш тадбирларини қўллаш ҳамда ташқи савдо компанияларининг иш юритиш услубларини жорий этиш туфайли мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Шубҳасиз, бунда халқаро пахта ярмаркаси муҳим бозор механизми вазифасини ўтамоқда. Пировардида у ўзбек пахтасини экспорт қилиш борасида мамлакатимиз ва ҳамкорларнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган янги, самарали воситаларни ривожлантиришга, истиқболда янада ишончли, барқарор иқтисодий муносабатлар ўрнатиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилмоқда.
Марказ Халқаро пахта уюшмаси (Буюк Британия), Бремен пахта уюшмаси (Германия), Гдинь пахта уюшмаси (Польша), Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси каби ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2009 йилда “Сифат” маркази “Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг Пахтани стандартлаш ва инструментал синаш комиссиясининг (CSITC) Марказий Осиё бўйича ҳудудий техник маркази” мақомини олди.
Сўнгги йилларда олимларимиз яратган бир қатор эртапишар, серҳосил, тола чиқиши юқори бўлган янги навлар давлат реестрига киритилди. Ҳозир фермерларимиз селекционерлар таклиф этаётган навлар орасидан бозорда талаб юқори бўлганларини танлаб олиш имкониятига эга. Жаҳон андозаларига жавоб берадиган “Бухоро-6”, “С-6524”, “Ан-Боёвут-2”, “Наманган-77”, “Бухоро-8”, “Оқдарё-6”, “Меҳнат”, “Омад”, “Хоразм-127” каби юртимизнинг тупроқ-иқлим шароитига мос селекция навлари дунё миқёсида жуда харидоргир.
Селекционерларимизнинг истеъмолчиларга маъқул келадиган навларни яратиши, ҳудудларга мос навлар экишни қатъий назорат қилиш, фермерларга амалий ёрдам кўрсатиш, пахта тозалаш саноатини модернизация қилиш, шунингдек, толани таснифлашнинг замонавий тизими унинг юқори сифатини кафолатлаб, юксак даражада рақобатбардошлигини таъминламоқда.