Россия ва Украинадаги вазият
Ўтаётган ҳафта охирида Украина Президенти Владимир Зеленский мудофаа масалалари бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида иштирок этиш учун Германияга борди.
– 6 августдан буён Украина Қуролли кучлари Курск вилоятида 1300 квадрат километрдан ортиқ майдонда жойлашган 100 га яқин аҳоли манзилини назоратга олди, – деди Зеленский. – Бу ҳудуднинг салмоқли қисми рус қўшинлари томонидан ташлаб кетилган. Улар қўшинларимиз яқинлашиб келаётганини кўриб, шунчаки қочиб кетишди.
Шунингдек, етакчи Россия – Украина урушига шу йил кузда барҳам беришга чақирди.
– Келинг, кузда Россия тажовузини тугатайлик, – деди у Ғарбдаги тарафдорларига мурожаат қилиб. – Шу ишни қилишимиз керак. Биз ҳақиқий тинчликка эришиш мақсадида Россияга босим ўтказиш учун Ғарб давлатлари билан дрон, ракета ва бошқа қуроллар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бунинг учун Украинага маблағ керак бўлади.
Украина раҳбари иттифоқчилардан узоқ масофага отадиган қуроллар билан Россия ҳудудига зарба бериш учун рухсат сўраб, бундай имконият Россияни тинчликка интилишга ундаш учун зарурлигини таъкидлади.
Аввалроқ Путин музокара бошлаш таклифига ҳеч қачон “йўқ” демагани ва бунга тайёрлигини билдирган. Фақат музокара 2023 йил Истанбулда имзоланган келишувга асосланиши кераклигини айтган.
Қўшма Штатлар Германиядаги “Рамштейн” авиация базасидаги учрашувда Украинага 250 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Тадбир олдидан Бирлашган Қироллик йил охиригача Украина ҳаво мудофааси қобилиятини ошириш учун 650 та енгил, кўп вазифани бажарувчи ракета тизими етказиб беришини эълон қилди. Канада Украинага бошқарилмайдиган авиа ракета двигателининг катта партияси ва шундай қурилмалар учун 1300 та жанговар каллак жўнатадиган бўлди.
Германия Киевни Дания ва Нидерландия билан бирга яна 77 та Леопард-1а5 танки, шунингдек 12 та ўзи юрар артиллерия тизими билан таъминлайди. Франция мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активидан олинган даромаддан ушбу давлатга 300 миллион евро ажратмоқда. Бу маблағ ҳам Киевга қурол-яроғ етказиб бериш учун мўлжалланган.
Зеленский Курск жангида Россия 6 минг аскарини йўқотганини маълум қилди. “ВВC” ва “Медиазона” нашрлари Украинага қарши урушда жами 68 минг рус ҳарбийси ҳалок бўлганини уқтиради.
Украина расмийлари таъкидлашича, Курск ҳужуми Россиянинг Покров шаҳрига интилишини секинлаштирган ва ҳозирги вазият стратегиянинг бир қисми. “CNN”га кўра, қўмондон Сирский Покровни йўқотмаслик учун бор имкониятдан фойдаланяпти. Руслар сўнгги 6 кун ичида бир метр ҳам силжимаган. Ҳафта ўртасида Президент Владимир Путин Курск юриши Россиянинг олдинга силжишини секинлаштира олмагани ва аксинча Украинанинг Донецкдаги мудофаасини заифлаштиришга хизмат қилганини айтди.
АҚШда сайлов
Трамп Путиннинг Харрисни қўллаб-қувватланган сўзларига қандай муносабат билдиришга ҳайронлигини айтди. 5 сентябрь куни РФ етакчиси АҚШ президенти сайловида Россия расмийлари учун Дональд Трампдан кўра, Камала Харриснинг ғалабаси афзалроқ эканини билдирди.
– Ҳақоратландимми ёки у мен учун яхши маънода гапирдими, билмайман, – деган Трамп.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Жон Кирби фикрича, агар Путин сайлов ҳақида гапириш ва жараёнга аралашишни тўхтатса, Қўшма Штатлар бундан “миннатдор” бўлади.
Президентлик учун курашаётган Трамп мамлакат Байден даврида миграция инқирозига дуч келганини таъкидлади. Аввалроқ, Демократик партия номзоди Камала Харрис сайловда ғалаба қозонса, Конгрессдан Америка чегарасидаги чораларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тасдиқланишини сўрашини маълум қилган.
АҚШ жиддий сайлов олдида турибди. Сўровномалар Харрис Трампдан олдинда эканини кўрсатмоқда.
Ғазодаги вазият
Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу Қуддусдаги матбуот анжумани чоғида Миср билан Ғазо ўртасидаги чегара йўлаги тўлиқ ёпилмаса, мамлакат Фаластинда доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаслигини билдирди.
Исроил Миср ва Фаластин ўртасидаги Филадельфия йўлаги ҲАМАС томонидан қурол ва материал контрабандасида фойдаланилишидан гумон қилмоқда.
Экспертлар фикрича, сектори жанубида жойлашган бу йўлак тинчлик келишувига эришишда асосий тўсиқ сифатида кўрилаётгани, аслида, муаммонинг туб илдизи эмас. Нетаньяҳу ҳудуддан чиқиб кетишни рад этиб, келгуси ҳужумларни режалаштиришда фойдаланиш учун назоратни қўлга олишга интилаётган бўлиши мумкин.
Нетаньяҳу урушдан кейинги ҳар қандай келишув ҲАМАСни жисмонан тугатишга қаратилишини истайди. Тель-Авив муқобил йўлларга розилигини билдирган, аммо ҳар қандай ташқи куч ҳудудни тўлиқ назорат қила олишига шубҳасини ҳам очиқлаган. Бундай ёндашув баъзи Исроил расмийлари томонидан ҳам танқидга учради.
Танқидчилар минтақада доимий бўлиш истаги Исроилнинг ушбу муҳим савдо йўлагини бошқаришга интилиши билан боғлиқлигига эътибор қаратишади. Бу билан Ғазодаги қочқинларга инсонпарварлик ёрдами йўли ҳам тўсиб қўйилиши мумкин.
Баъзи яҳудий сиёсатчилари Нетаньяҳунинг бу қараши можарони чўзиш баробарида исроиллик гаровга олинганлар ҳаётини ҳам хавф остига қўйишига ишонади. Бош вазир эса Филадельфия ҲАМАС кучини қайта тиклаш ва кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Келажак учун аниқ кафолат олмагунча, Исроил қўшинни олиб чиқмаслигини аниқ айтган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Исроилни Ғарбий Соҳилга ҳарбий ҳужум уюштирмасликка чақирди. У исроиллик ҳамкасби билан учрашгач, бундай ҳаракат мамлакатнинг ўз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди.
Маълум бўлишича, немис сиёсатчиси баъзи Исроил вазирларининг Фаластинни ағдариш ва Ғарбий Соҳилдаги аҳоли манзилларини эгаллашга чақириғидан хавотирда. Бербок ўнг қанот раҳбарларининг кескин баёнотини қоралаб, Фаластин маъмуриятини мустаҳкамлаш тинчлик учун жуда муҳимлигини қўшимча қилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/LATjyId_AMk?si=r8HJI3G5BoUjjRH7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.