Зебинисодек ташаббускор ёшлар сони ортмоқда
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар орасида фаол ва ташаббускор ўғил-қизлар талайгина.
Шу боис, юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг имконият ва манфаатларини ҳимоя қилишда ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас тарзда такомиллаштириб борилмоқда.
Бундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиздан бири Зебинисо Маҳмудовадир. У ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, “Халқаро ҳуқуқ” факультетининг 4 босқич талабаси.

Қаҳрамонимиз ўзининг ташаббускорлиги, талабчанлиги, намунавий хулқи билан тенгдошлари орасида ҳурмат қозонган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларини мукаммал даражада билади, ҳозирда эса немис тилини ўрганмоқда.
Бундан ташқари, З.Маҳмудова турли хил илмий-амалий анжуман ва семинарларда мунтазам равишда иштирок этади. Жумладан, Европа Кенгаши вакиллари иштирокида бўлиб ўтган анжуман, “Болаларга нисбатан зўравонлик: глобал кўринишлар” номли халқаро тематик семинар, ХВ талабалар илмий конференсияси бунга ёрқин мисолдир.
Таъкидлаш жоизки, Зебинисо ёзган мақолалар фикрлар теранлиги ва келтирилган таклифлар долзарб ва фойдалилиги билан алоҳида ажралиб туради. Хусусан, унинг долзарб мавзудаги мақолалари халқаро ва маҳаллий журналларда мунтазам чоп етиб келинмоқда.
Шунингдек, Зебинисонинг юксак интеллектуал салоҳияти Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлишига имкон берди. Бундан ташқари, у Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти академияси томонидан ўтказилган махсус курсларда тақдирланган.
Зебинисо келажакда халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида етук мутахассис бўлиш учун тинимсиз ҳаракатда.
Гулноза Бобоева, ЎзА