Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 2020 йилги режаларини маълум қилди
2020 йилда “Олтин қалам” миллий мукофоти учун яна бир рағбатлантирувчи номинация эълон қилинади. Мазкур номинация бўйича ҳам учта ўрин ғолиблари тақдирланади.
2020 йилда “Олтин қалам” миллий мукофоти учун яна бир рағбатлантирувчи номинация эълон қилинади. Мазкур номинация бўйича ҳам учта ўрин ғолиблари тақдирланади.
Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви аъзолари йиғилишида маълум қилинди.
Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов уюшманинг 2019 йилдаги фаолияти ҳақида маълумот берди ва кейинги йил учун мўлжалланган истиқболли режаларга тўхталиб ўтди.
– 2019 йил мамлакатимиз учун сермазмун ва воқеаларга бой бўлди, – деди С.Ҳакимов. – Уюшманинг самарали фаолиятида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ва Республика товар-хом ашё биржасининг молиявий кўмаги мустаҳкам замин бўлди. Шундан келиб чиқиб ўтган вақт давомида уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, нашриётлар, ахборот агентликлари ва интернет нашрларида ишлаётган журналистларнинг, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни, қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш борасида муайян ишлар олиб борилди.
Таъкидланишича, “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” каби танловлар ғолибларини муносиб тақдирлаш ишлари амалга оширилди. Танловларга халқаро ташкилотлар вакиллари кенг жалб этилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловининг нуфузи нафақат мамлакат ичида, балки чет эллик журналистлар ўртасида ҳам тобора ортиб бормоқда.
Шундан келиб чиқиб 2020 йилда “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” бериладиган рағбатлантирувчи мукофот танловга асосий номинация сифатида киритилмоқда. Мазкур номинация бўйича ҳам учта ўрин ғолиблари тақдирланади.
Ўз ечимини кутаётган муаммо ижобий ҳал этилди
Жорий йилда уюшманинг тўртинчи конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда йигирма йилдан ортиқ вақтдан буён ўз ечимини топмай келаётган уюшма аъзолигига қабулни тиклаш масаласи ижобий ҳал этилди. Аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Уюшма томонидан муҳокамага қўйилган аъзолик билети ва кўкрак нишонини янада такомиллаштириш бўйича таклиф-тавсиялар берилиб, ўтган вақт давомида улар устида иш олиб борилди.
2020 йилдан уюшма аъзолигига қабул қилиш бошланади. Шу боис бу борада бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилади. Хусусан, уюшма аъзоларига кўкрак нишони ва гувоҳномалар топширилади.
“Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси” қабул қилинди. Унинг Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кенгаш аъзолари орасида таниқли журналистлар, ёзувчилар, депутатлар ва ҳуқуқшунослар бор. Жамоатчилик кенгаши дастлабки йиғилишини ўтказди, шунингдек, илк мурожаатларни ҳам кўриб чиқди.
Бундан ташқари, уюшма томонидан марказий ОАВ ва уларда хизмат қилаётган ходимлар базаси шакллантирилди. Марказий ва ҳудудий ОАВ мониторингини олиб бориш йўлга қўйилди. Ҳар бир ҳудудий бўлим томонидан улар фаолиятини мунтазам кузатиб бориш иш режаларига киритилди. Натижада ҳудудий бўлимлар томонидан 50 дан зиёд газета фаолияти ўрганиб чиқилди.
Журналистларни мамлакатнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган медиа-тур лойиҳаси мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шундай медиа-тур Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилди.
Кейинги йил яна олтита вилоятга медиа-тур ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, вилоятларда тўртта минтақавий конференция ўтказилади.
14 журналистга имтиёзли кредит асосида янги уй берилди
Журналистларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 3 журналистга яшаб турган уй-жой шароитини яхшилаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат қиритилди. Ҳудудларда 14 журналистга вилоятлар ҳокимликлари томонидан имтиёзли кредит асосида янги уй-жой берилди. 12 нафарига ер участкаси ажратилди.
2020 йилда ҳам уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилади.
Жорий йилда илк бор ёш журналистларнинг ижод намуналаридан иборат “Ёш юраклар садоси” тўплами нашр этилди. Ундан 44 ёш журналистнинг ОАВда чоп этилган энг сара материаллари ўрин олди. Бу китоб матбуот аҳли, айниқса, ёшлар томонидан илиқ кутиб олинди. Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда журналистикага оид китоблар тақдимоти уюштирилди.
Халқаро алоқалар янги босқичга кўтарилди
Уюшма раиси жорий йилнинг март ойи охирларида Жанубий Корея Журналистлар ассоциацияси таклифига кўра, Сеулда ўтказилган халқаро анжуманда қатнашди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан Корея Журналистлар ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Ҳудди шундай келишув жорий йилнинг сентябрь ойида Хитой томони таклифига кўра, уюшма раисининг бу мамлакатга ташрифи доирасида Умумхитой Журналистлар ассоциацияси билан ҳам имзоланди. Икки мамлакат журналистик ташкилотлари билан дўстона алоқалар йўлга қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг 8-13 октябрь кунлари Корея Журналистлар ассоциацияси президенти бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишди. Тошкент шаҳри, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилди.
Бир сўз билан айтганда, уюшма самарали фаолияти давомида Хитой, Россия, Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолашга эришган. 2020 йилда юртимиз оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган беш нафар фаол ва истеъдодли журналистни Жанубий Кореяга малака ошириш, тажриба алмашиш учун юбориш режалаштирилмоқда.
Уюшма раисининг таъкидлашича, Россия ва хитойлик таниқли журналистларни Ўзбекистонга ижодий сафарини уюштириш кўзда тутилмоқда. Йирик халқаро медиатузилмалар ва таниқли ОАВ фаолияти билан танишув, улар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, Польша, Мўғулистон, Туркия, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби Марказий Осиё давлатлари Журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш ҳам уюшманинг 2020 йилги асосий иш режасига киритилмоқда.
Шунингдек, кейинги йилда мамлакатимиз ёш журналистларининг йилда бир марта ўтказиладиган “Умид учқунлари” семинарининг илк тадбирини ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари медиа тузилмалари биринчи халқаро форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
2020 йилда уюшма томонидан мамлакат тараққиётини белгилайдиган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини очиб берадиган, замонавий қаҳрамонлар образи акс эттирилган бадиий публицистик асар ва тўпламларни нашр этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, “Ислоҳотлар журналистлар нигоҳида” номли тўплам чоп этиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида ОАВда эълон қилинган материалларни тўплам ҳолида ва “Ўзбек журналистикаси хрестоматияси”ни нашр этиш кўзда тутилмоқда.