Ўзбекистон учун яшамоқ мумкин
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Яшашга не етсин!... Дунё-сеҳрли,
Ўлгунча сеҳрига тўймайди кўзинг.
Бошингдан гоҳ нурдай қуяр меҳрни,
Гоҳ тошлар ёғдирар - етмайди тўзим.
Гоҳо қорин ғамида чекасан заҳмат,
Обрў талашмоқдан гоҳ дилда тугун...
Аммо чин яшашни истасанг, фақат,
Ўзбекистон учун яшамоқ мумкин.
Ўлим ҳам бор нарса - калхатдай учар
Чумчуқдай жонингни бергани қурбон.
Бировнинг титраган товуши ўчар,
Биров ўз ғамида адойи тамом.
Майли, ўлимни ҳам айлагин ҳурмат,
Бандаси дунёдан битта жон қарздир...
Чиндан қурбонликка жаҳд қилсанг, фақат
Ўзбекистон учун жон бермоқ арзир.
Мангу яшамоқнинг сирими? Ошкор!
Бекорга ҳар тараф урингайдирсан:
Магарким, жон бердинг юрт деб неча бор,
Ончаким, қайтадан тирилгайдирсан.
Мактуб
Сенга ҳеч нарса қилолмадим,
Ватан.
Фақат дардкашинг бўлдим:
жоним оғриди,
умрим қисқарди -
телбавор тўлғондим
оғриқларингда.
Йиғласанг
кўз ёшинг
юрагимга тушди;
қувонсанг,
қувончинг
кўзларимга.
Ҳа, яна...
Шеърлар ёзиб,
кўнглингнинг бир заррасини қурдим -
росту чин мақомида.
Шу.
Мени кечир.
Берадиган бошқа ҳеч нарсам қолмади.
Энди
фақат
бир ҳовуч
тупроғинга айланмоқчиман,
Ватан...
Усмон Азим,
Ўзбекистон халқ шоири.