Ўзбекистон Транспорт вазирлиги чартер рейсларнинг қимматлигига изоҳ берди
Коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасида транспортнинг барча турларида йўловчи ташиш жараёнини амалга ошириш чекланган.
Коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасида транспортнинг барча турларида йўловчи ташиш жараёнини амалга ошириш чекланган. Мазкур вазиятда хориждаги фуқароларимизни Ватанга олиб келиш учун эса Pеспублика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ мунтазам равишда чартер репатриация рейслари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда “Atlanta Air”, “Asia Lux”, “Oltin Vodiy”, “Anzur Travel”, “Real Avia Business”, “Don Avia Trans”, “Jalolquduq avia trans”,“Otpusk.uz” каби йигирмадан ортиқ хусусий туроператорлар томонидан бир қатор йўналишларда тижорий чартер қатновлари амалга оширилмоқда. Бугунга кунга қадар 3 мингдан ортиқ фуқаромиз Ўзбекистонга олиб келинди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида ташкил этилаётган чартер репатриация рейслари чипталари жуда қиммат нархларда сотилаётгани юзасидан турли хабарлар тарқалмоқда. Шу ўринда Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган чартер репатриация рейсларга алоқаси йўқ эканини яна бир бор эслатиб ўтади.
Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ “Uzbekistan airways” авиакомпанияси томонидан амалга оширилаётган чартер репатриация рейслари чипта нархлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган йўналишлар “Москва – Тошкент” 397 АҚШ доллари, “Истанбул – Тошкент” 353-400 АҚШ доллари, “Дубай – Тошкент” 366 АҚШ доллари миқдорида бир томонга реализация қилинмоқда.
Шу ўринда йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида авиачипталарни сотиб олишни тезлаштириш бўйича ўз хизматларини таклиф этаётган шубҳали шахслардан ёрдам сўрамаслигини сўраймиз.
Туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг нисбатан қимматлиги эса қуйидаги омиллар билан боғлиқ. Яъни, қатнов амалга оширилаётган давлатнинг талаби билан аксарият ҳолларда парвознинг бир томонга йўловчиларсиз амалга оширилаётгани, самолётларнинг ижара пули, йўналиш масофаси ва нечта давлатлар ҳаво кенглиги ҳудудидан учиб ўтиши, аэронавигацион хизматлар, аэропорт ер усти хизматлари ва йиғимлари, олиб келинган йўловчиларни аэропорт ҳудудидан меҳмонхонага транспортда етказиб қўйиш, меҳмонхонада карантин қоидаларига риоя этилиш назоратини ташкил қилиш, тиббий ва санитария хизмат харажатлари, ПЗР тест синамаларини олиш қиймати ва бошқа молиявий харажатлар.
Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер рейсларининг чипта нархларини шакллантириш ва белгилаш жараёнларида иштирок этмайди.