Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси сайловларда очиқликни таъминлашда ҳуқуқий асосдир
Конституциямизга мувофиқ фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бу жараён асосан сайловларда намоён бўлади.
"Сайлов – 2019"
Конституциямизга мувофиқ фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бу жараён асосан сайловларда намоён бўлади.
Сайловлар орқали фуқаролар ўзи муносиб билган шахсни ҳокимият органига сайлайди, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради ҳамда давлат бошқарувини амалга оширишда иштирок этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сайлов тизимини ислоҳ қилиш, уни янада демократлаштириш, халқаро андоза ва принципларга мослаштириш, фуқароларга қулайлик ва эркинлик яратиш бўйича муҳим ишлар олиб борилмоқда. 2018 йил 28 декабрда давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Келгуси йили мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади. Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини бошлашимиз зарур” деб таъкидлган эди.
Бугун мамлакатимизда сайловларни умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларга мос равишда ўтказишга имкон берадиган қонунчилик базаси шакллантирилди. Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси кучга кирди.
Эндиликда сайловлар кўп партиявийлик асосида ўтказилиши, Президент, Қонунчилик палатаси депутатларига номзодлар сиёсий партиялар томонидан тақдим этилиши, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар эса сиёсий партияларнинг жойлардаги тегишли тузилмалари томонидан билдирилиши ҳақидаги принципиал қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бўладиган сайлов тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишни таъминлаш, шунингдек, сайлов жараёнларини бошқаришда ахборот тизимини жорий қилиш каби мақсадларда қабул қилингани билан ҳам аҳамиятлидир.
Мазкур қарор мамлакатимизда сайлов тизимини янада такомиллаштириш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш, сайловларнинг очиқ, ошкора ва транспарентлигини таъминлашга зарур шароит яратади. Сайлов жараёнига фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирокини кенгайтириш борасида дастуриламал бўлишига ҳам ишончимиз комил.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги ғояларни амалга ошириш ҳамда мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш йўлидаги кейинги қадам сифатида мамлакат сиёсий майдонида янги – Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди. Экологик партиянинг тузилиши Ўзбекистон тарихида алоҳида саҳифа бўлиб, мамлакатда амалга оширилаётган Стратегиянинг яққол ҳосиласидир. Шунингдек, Ўзбекистонда Экологик партия тузилиши мамлакатнинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузини оширди.
Албатта, сайлов қонунчилигига мувофиқ Экоҳаракатга берилган квотадан воз кечилиши Экологик партия учун янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Шу пайтга қадар квоталаш институти имкониятларимизни маълум даражада чегаралаб қўйганди. Яъни, маҳаллий Кенгашларда депутатларимиз йўқ бўлгани боис, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок эта олмасдик. Бу вертикал тизимда ишлаш, маҳаллий экологик муаммоларни ўз вакилларимиз орқали жойларда ҳал этиш имконини бермас эди. Шунингдек, Экоҳаракатда бошқа сиёсий партиялар сингари барқарор молиялаштириш манбаи йўқ эди.
Шу маънода, Ўзбекистон Экологик партиясининг ташкил этилиши ва унинг сайловларда иштирок этиши юқорида кўрсатилган муаммоларга ечим топишга хизмат қилади.
“Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда, унинг барча куч-салоҳиятни бирлаштириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий вазифасидир.
Албатта, партиялар катта имтиҳон олдида турибди. Бу борада янги ташкил этилган ва сайловларда илк марта иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси масъулиятни икки бора ҳис этмоқда. Боз устига, Ўзбекистон Экологик партияси биринчи марта сайловларда иштирок этиш ва электорат билан ишлаш тажрибасини ўзлаштирмоқда.
Сайлов кунига ҳам қисқа муддат қолди. Юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришни талаб этади.
Партиямиз оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, интернет ва ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланишга, таъсирчан босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини нашр қилиш ва тарқатишга жиддий эътибор қаратмоқда.
Партиянинг янги www.ecouz.uz сайти ишга туширилиб, унга электрон аъзо бўлиш тизими яратилди. Ижтимоий тармоқларда саҳифалар очилди.
ОАВда чиқишлар бўйича медиа-режа ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминланмоқда, мазкур йўналишда интернет сайтлар ва блогерлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партия мақсадларини тарғиб этишга қаратилган баннерлар, буклетлар, плакатлар, бошқа кўргазмали тарғибот ва тарқатма материаллар тайёрланди.
Бу каби тадбирлар партиямизнинг сайловда муносиб иштирокини таъминлашга хизмат қилишига ишонамиз.
Эркин ОМОНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Ахборот хизмати раҳбари.