Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳақида семинар ўтказилди
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) мамлакатимиздаги ваколатхонасида “Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида“ги қонуни: манфаатдор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янги пойдевор“ мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) мамлакатимиздаги ваколатхонасида “Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида“ги қонуни: манфаатдор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янги пойдевор“ мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар номзоди Леонид Хван ва Берлин маъмурий суди судьяси Штефан Гроскурт мавзу доирасида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаш керакки, 2018 йил 8 январда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида“ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасида муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

– Мазкур қонун Германия давлатининг маъмурий тартиб-таомиллари бўйича ишлаб чиқилган, – деди Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар номзоди Леонид Хван. – Унинг ижросида маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, ушбу қонун билан инсон манфаати ва унинг истаклари тўлиқ ҳимоя қилинади. Масалан, қонуннинг 43-моддасига кўра, маъмурий органга келиб тушган ариза ўша куннинг ўзида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Маъмурий орган аризачига ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат бериши шарт ва у аризани рўйхатдан ўтказиш борасида рад жавоби бериши мумкин эмас. Ушбу қонун ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўпроқ ёритилиши керак.

– Бугун тадбирда Германиянинг маъмурий тартиб-таомиллари, тажрибаси ҳақида гапириб бердим, – деди Берлин маъмурий суди судьяси Штефан Гроскурт. – Негаки, бунга асос ҳам бор. Чунки Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида“ги қонуни немис қонунчилиги асосида ҳамда Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Бу қонун ҳар жиҳатдан мазмун-моҳиятга эга. Унинг ижросини барча давлат идоралари ва судлар таъминлашга мажбур. Бироқ қонунни қўллашда бироз эҳтиёткорлик сезилмоқда. Уни қўллаш имкониятларини кучайтириш лозим. Бунда бу соҳага боғлиқ бўлган барча иштирокчиларнинг малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Яна биз муҳокама қилаётган мавзуларда снос масаласи, яъни уйларнинг бузилиши масаласи ҳам кўтарилган. Менимча, Ўзбекистонда бу катта мавзулардан бири. Бунда фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилаётганини ҳис этмоқда. Шу қонунни қўллашни кучайтириш ушбу муаммолар ечимида катта роль ўйнайди.
Семинар якунида иштирокчилар экспертлардан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.