Ўзбекистон – Миссисипи: кенг кўламли ҳамкорлик
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик юқори ва жадал суръатда ўсиб бориш хусусиятига эга.
Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов Миссисипи штатида бўлиб, Жексон шаҳрида губернатор сифатида янгидан сайланган Тейт Ривзнинг инаугурация маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик юқори ва жадал суръатда ўсиб бориш хусусиятига эга.
Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари тарихида илк бор мазкур штатдан губернатори Фил Браянтнинг мамлакатимизга расмий ташрифи уюштирилди.
Ташриф чоғида қишлоқ хўжалиги, таълим, инвестиция каби муҳим соҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аҳамиятли келишувларга эришилди. Клинтон ва Зарафшон шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларни ўрнатиш, Миссисипи давлат университети ҳамда Алкорн университети ва Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти ўртасида академик ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Жексон шаҳрида ўтган тадбирлар доирасида штатнинг янги сайланган раҳбари офиси вакиллари, истеъфо берган губернатор Фил Браянт, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлари Глен Макколух ва Энди Гибсон билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Янги губернатор идорасида кечган мулоқот вақтида томонларнинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция соҳаларидаги шериклик муносабатларини давом эттириш ва янада кенгайтиришга тайёрлиги таъкидланди.
Штатнинг янги раҳбари Тейт Ривзнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳақида келишувга эришилди.
Миссисипи собиқ губернатори Фил Браянт учрашув чоғида Ўзбекистонда ўтган кунларини, шахсан Давлат раҳбари қабул қилганини катта ҳаяжон ва илиқ ҳиссиётлар билан ёдга олди: “Мен мамлакат мустақилликка эришгандан кейинги даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган илк америкалик губернатор эканлигимдан фахрланаман. Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашиб шунга амин бўлдимки, сизнинг давлатингиз бугун ишончли қўлларда ва тараққиёт, фаровонлик сари ишонч билан, дадил одимламоқда. Ҳозирги Ўзбекистон – жадал ривожланаётган, бутун минтақа учун кун тартибини белгилаётган, қолаверса жаҳоннинг кўплаб давлатларига ўрнак бўлаётган ислоҳотчи-мамлакат”. Фил Браянт, шунингдек, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган бизнес-форумда ҳам қатнашиш истагини билдирди.
Штатнинг иқтисодиёт вазири Глен Макколух билан учрашувда Америка томони Миссисипи Ўзбекистон билан қалин шериклик доирасида эришилган натижаларни юксак қадрлашини, келгусида савдо алоқаларини янада кучайтиришга тайёрлигини қайд этди. Вазирнинг фикрича, истиқболли соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, фармацевтика, энергетика, туризм, қурилиш ва инфраструктуравий ривожланиш йўналишлари кўриляпти.
Қишлоқ хўжалиги вазири Энди Гибсонда элчихона томонидан мамлакатимизда гўшт, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, келажакда ушбу маҳсулотларни Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонга экспорт қилиш бўйича билдирилган таклиф жиддий қизиқиш уйғотди. Губернатор ҳам ўз навбатида Жиззах вилоятида тўқимачилик кластерини ривожлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш мақсадида “Silverleafe International LLC” компанияси томонидан Миссисипи штати фермерлари учун брифинг ташкил этиш режасини маълум қилди.
Мулоқот якунида аграр йўналишдаги ҳамкорликнинг янги, истиқболли қирраларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг Миссисипи штатига ташрифи бўйича келишувга эришилди.