Ўзбекистон-Франция муносабатлари: янгича қамров
Ўзбекистон-Франция муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига
Учинчи қисм
Маданий-гуманитар ҳамкорлик
Ўзбекистон-Франция муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Самарқанд ва Лион, Хива ва Версаль, Бухоро ва Руэй-Мальмезон шаҳарлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилган. 2019 йил Руэй-Мальмезон шаҳри марказий паркида “ўзбек боғи” очилди. Ушбу боғ ҳудудида Абу Али ибн Сино ҳайкали ўрнатилган.
Бугунги кундаги маданий-гуманитар ҳамкорлик жараёнида қуйидаги жиҳатларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчи. Ўзбекистонда француз тили, адабиёти ва маданиятини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда ўрта ва махсус таълим соҳасида меҳнат қилаётган қарийб уч минг ўқитувчи, қарийб, 300 минг ўқувчи ва талабага француз тилини ўргатмоқда. Француз тили Ўзбекистоннинг 812 та мактаби ва 6 та ихтисослаштирилган мактабида ўқитилмоқда. 8 та университетда француз тили ва роман тиллари кафедралари ташкил этилган бўлиб, уларда талабалар француз тилини асосий тил сифатида, кўпчилик талабалар иккинчи тил сифатида ўрганишади. 2019 йили Самарқанд шаҳридаги 43-сонли ихтисослашган мактабга Франция фуқароси, Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси асосчиси Люсьен Керэн номи берилди.
Ўзбекистонда француз тили ва маданиятини ривожлантириш, Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини мустаҳкамлашда мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритаётган француз альянси ва француз мактабига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида француз тили ўқитувчилари учун Ўзбекистон ва Франция мутахассислари иштирокида мунтазам равишда семинарлар, малака ошириш курслари ташкил этилади. Француз тили ва маданиятини оммалаштиришга қаратилган тадбирлар, хусусан Франкофония байрами, ўқувчи, талабалар иштирокидаги театр фестиваллари, Европа тиллари куни уюштирилади. Жумладан, 2019 йил Франкофония байрами доирасида Ўзбекистонда илк бор француз тили ўрганувчилари орасида француз тили бўйича умумхалқ диктанти ўтказилди.

2019 йилда Ўзбекистон француз тили ўқитувчилари уюшмаси ташкил этилди. Уюшма Халқаро француз тили ўқитувчилари уюшмаси ҳузурида фаолият юритади. Ўша йил ноябрь ойида Ўзбекистонда илк маротаба француз тили ўқитувчилари куни нишонланди. Ушбу байрам Франция Президенти Эммануэль Макрон ташаббуси билан таъсис этилган. Франциянинг Тошкентдаги Элчихонаси кўмагида 2020 йил охирига қадар француз тили ўқитувчилари учун ҳар ойда нашр этиладиган журнал лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, 2019 йилда Франция ҳукумати қарори билан Ўзбекистон ўқув муассасаларининг тўрт вакилига Франция Республикаси Академик пальма ордени топширилди. Ушбу унвон тарихи Наполеон I даврига бориб тақалади ва таълим соҳасидаги хизматлари учун француз фуқароларига, француз тили ва маданияти оммалаштиришдаги фаолияти учун алоҳида хорижий фуқароларга топширилади.
Иккинчи. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ва академик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Сўнгги йилларда Франциянинг Париж-Сюд, Париж I Пантеон-Сорбонн, Париж II Пантеон-Ассас, Париж IV Сорбонн, Гренобль, Ницца София-Антиполис, Бретань-сюд университетлари, Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институти, Тулуза университети, Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти, Версаль миллий архитектура олий мактаби билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ва Франция администрацияси миллий мактаби ўртасида ҳам самарали алоқалар ўрнатилган.
Сорбонн университети ҳузуридаги Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институтида ўзбек тилини ўқитиш курслари ташкил этилган. 2019 йилдан буён эса Ўзбекистонда Франция ўқув муассасаларининг учта факультети фаолият юритмоқда. Талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилган, онлайн вебинарларни ўз ичига олган академик тадбирлар уюштирилмоқда. Ўзбекистон ва Франциянинг қатор олий таълим муассасалари ўртасида талабаларга икки мамлакатда таҳсил олиш ва икки дипломли бўлиш имконини берадиган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга Европа Иттифоқининг «Эразмус+» лойиҳаси доирасида Франция олий таълим даргоҳлари билан академик ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил январдан бошлаб Тошкент давлат шарқшунослик университети Лиондаги Франк-америка бизнес-мактаби билан ҳамкорликда халқаро кредит сафарбарлик бўйича уч йилга мўлжалланган «Эразмус+» дастурида иштирок эта бошлади.

Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва бу борадаги устувор йўналишларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Франция ректорлари саммитини ўткказиш бўйича келишувга эришилган. Шу билан бирга Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Campus France” агентлиги ўртасида Ҳамкорлик режасини имзолаш бўйича тайёргарлик лойиҳаси тасдиқланди.
Учинчи. Археология ва маданий меросни сақлаш бўйича алоқалар ҳам ривожланмоқда. Франциянинг тўртта археологик миссиялси Ўзбекистон археологлари билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Миссия Самарқанд, Термиз, Қизилқум чўллари, Пайкент ва Ромитан шаҳарларида ўз фаолиятини юритмоқда. Ушбу лойиҳалар Франция ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштирилмоқда. Шунингдек, Франция Ўзбекистонинг маданий мерос объектларини реставрация қилишга оид лойиҳаларни амалга оширишда ҳам ёрдам кўрсатмоқда. “Афросиёб” музейидаги “Элчилар” фрескоси реставрацияси шулар жумласидан.
Тўртинчи. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг Музейлар тадқиқотлари ва реставрацияси маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Ушбу ҳамкорлик тарих, санъат ва маданият соҳасидаги илмий тадқиқотларни, Ўзбекистон маданий қадриятларини таҳлил қилиш бўйича лабораторияни ташкил қилишга кўмаклашни ўз ичига олади. Шунингдек, Франция ва Ўзбекистонда кўргазма ва анжуманлар ўтказиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 2018 йилда Франция музейи вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга уч маротаба ташриф буюрди. Мутахассислар алмашинуви, илмий кадрлар ва музей ходимларини тайёрлаш, уларни илғор технологиялар ва музей ишини ташкиллаштиришнинг замонавий усуллари бўйича ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, 2021 йил Лувр музейида Ўзбекистон ҳақида кўргазма ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бешинчи. 2018 йил Францияда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Франциянинг Бурж шаҳрида ташкил этилган концерт дастури, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва маданий меросига оид видео тақдимот, санъат буюмлари кўргазмаси ва бошқа тадбирлар ишқибозларда катта қизиқиш уйғотди. Уч минг томошабин тўпланган тадбирда республикамизнинг 50 нафардан зиёд санъат устаси иштирок этди. Ёрқин мусиқий кечалар, жумладан, фольклор-этнография ансамбли, мумтоз ва анъанавий ашулачилик намуналари, истеъдодли хонанда ва раққосаларнинг чиқишлари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Ушбу шаҳарда Ўзбекистон маданияти кунларини қайта ўтказиш таклифи мазкур тадбирнинг муваффақиятли ўтганидан далолат.

2018 йил 71-Халқаро Канн кинофестивалида илк бор «Uzbekistan» павильони очилиши муҳим воқелик бўлди. 2019 йил эса Канндаги “Marché du Film”да 72-Халқаро кинофестиваль доирасида ўзбек павильони очилди. Анжуман ташкилотчиси Арно Мениндес шундай деди: “Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга, кўплаб сайёҳлар, кино ишлаб чиқарувчилар учун жозибали мамлакатдир. Юртингизда қизиқарли, диққатга сазовор масканлар кўп. Ўйлайманки, яқин келажакда Ўзбекистонда суратга олинган жаҳон кино премьераларини кўриш имконига эга бўламиз”.
Олтинчи. 2019 йилнинг 22 майидан 5 июнига қадар Ўзбекистон мода саноати вакиллари илк бор Париж халқаро мода ва дизайн академиясида ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этдилар. Малака ошириш курслари якунида ўзбекистонлик мутахассисларга ушбу нуфузли ўқув муассасаси дипломлари топширилди. 2018 йил февраль ойида Парижда бўлиб ўтган “Texworld Paris” халқаро матолар кўргазмаси доирасида “Шарқ либослари” дизайн-маркази раҳбарлигидаги делегация ташрифи давомида малака ошириш дарслари ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ушбу лойиҳа доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Givenchy, Chanel, Dior, Louis Vuitton каби машҳур брендларнинг етакчи дизайнерлари томонидан ўтказилган маҳорот дарслари ва амалий машғулотларда иштирок этишди.
* * *
Шундай қилиб, Ўзбекистон-Франция ўртасидаги муносабатлар жадаллиги, стратегик йўналганлиги ва истиқболли йўналишлар пайдо бўлгани билан хусусиятланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи бу борада муҳим роль ўйнади. Ушбу ташриф сўнгги йилларда Ўзбекистон-Франция ўртасидаги муносабатларни янгича сифат босқичига олиб чиқиш йўлидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзбекистон-Франция муносабатларининг юқори даражага кўтарилишида биринчидан, Ўзбекистондаги ҳаракатлар стратегиясининг Франция раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар дастури билан яқинлиги, иккинчидан, ҳар икки давлатнинг асосий халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги ҳаракатлари мослиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришга, бугунги кундаги турли таҳдидларга биргаликда қарши курашишга ёрдам беради.
Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлиги жараёнида турли соҳалар бўйича катта натижаларга эришилди. Биринчидан, мамлакатлар ўртасида иқтисодий дипломатия фаоллашди, олдинги йилларда йўлга қўйилган парламент дипломатияси янада ривож топди. Иккинчидан, ўзаро савдо айланмаси мунтазам ўсди, Франция сайёҳлари ва ишлбилармон доира вакилларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортди. Ўзбекистон саноати ва иқтисодиётини технологик модернизация қилишга қаратилган юқори технологияли инвестиция лойиҳалари амалга оширила бошланди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини оширишга хизмат қилади.

Таълим ва илм-фан, айниқса, Ўзбекистон ўқув муассасаларида француз тили ва адабиётини ўрганиш бўйича самарали ҳамкорлик ривожланаётгани кузатилади. Маданий муносабатларнинг келгуси ривожи Франция ва Ўзбекистон халқларини янада яқинлаштиришга ҳисса қўшади.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларига эришишга йўналтирилган минтақавий сиёсати мутлақо янгича минтақавий шароитни юзага келтирди.
Икки томонлама мунасабатлар – ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг бошланишидир. Халқаро муносабатларда юз бераётган ўзгаришлар, пандемия билан боғлиқ дунё иқтисодий инқирози бошланиши Франциянинг Европада, Ўзбекистоннинг эса Евроосиёдаги ролини ошира бошлади.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги янги имкониятлар ва шароитлар айнан шу аснода пайдо бўлади. Франция Европа локомотиви сифатида, Ўзбекистон эса Марказий Осиёдаги муҳим таркибий омил сифатида Европа ва Осиё ўртасида стратегик роль ўйнаши мумкин.