Ўзбекистон-Франция муносабатлари: янгича қамров
Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон - Франция муносабатлари икки босқични ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига
Биринчи қисм
Сиёсий-дипломатик муносабатларнинг жадал суръати
Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон - Франция муносабатлари икки босқични ўз ичига олади. Биринчи босқич (1992-2016)да ўзаро алоқаларга пойдевор қўйилган. Франция 1992 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олди ва икки ойдан сўнг мамлакатлараро дипломатик алоқалар ўрнатилди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Францияга давлат ва расмий ташрифлари (1993 ва 1996 йиллар), Франция Республикаси Президенти Франсуа Миттераннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи (1994 йил) бўлиб ўтди. И.Каримов Франция Президенти Жак Ширак билан 1996 йил июнь ойида Флоренцияда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг саммити доирасида ва 2002 йил ноябрида Прагада бўлиб ўтган НAТО/СЕАП саммитида учрашган. 2013 йил март ойида Франция ташқи ишлар вазири Л.Фабиуснинг Ўзбекистонга ташрифи ва 2012 йил октябрь ва 2014 йил ноябрь ойларида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комиловнинг Францияга ташрифи икки томонлама муносабатлар жадал ривожланишига хизмат қилди.

Ўзбекистон - Франция муносабатларидаги иккинчи босқич 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошланди. Ушбу босқичда икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга Ўзбекистоннинг фаол очиқ ва прагматик ёндашуви ҳамда Франциянинг манфаатдорлиги кузатилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолияти янги сиёсий муҳит яратди ва ҳамкорликнинг қатор йўналишларида ижобий натижаларга эришилди. Биринчидан, Ўзбекистон ва Франция ўртасида сиёсий мулоқот фаоллашди. 2017 йил март ойида Парижда ва ўша йилнинг апрель ойида Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари учрашувлари бўлиб ўтди. Музокара якуни бўйича ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 2017-2018 йиллар учун Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастурини имзоладилар.
Франциянинг собиқ Президенти Франсуа Олланд ўзининг Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида шундай деди: "Бугун мен биринчи кунданоқ ҳамкорликнинг барча, жумладан, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда мустаҳкамаланганини таъкидлашдан мамнунман." Шунингдек, у ўтган йиллар давомида Франция ва Ўзбекистон дўстона муносабатларни ўрнатишга муваффақ бўлганини таъкидлади: "... ишонч ва ҳурматга асосланган мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган юқори даражадаги шериклик кейинги ўн йилликлар давомида доимий равишда ривожланиб боради".
Ўзбекистон Президенти собиқ Президент Франсуа Олландга йўллаган мурожаатида: "Биз 1992 йил январь ойида Франция Республикаси биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олганини, шунингдек, унинг мустақил ривожланиши ва суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлаганини алоҳида қадрлаймиз", деб таъкидлаган. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Франция билан икки томонлама ва кўп томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича, биринчи навбатда сиёсий, дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек савдо, инвестиция ва юқори технологиялар, туризм ҳамда корхоналаримизда корпоратив бошқарувнинг илғор усулларини жорий этиш соҳаларидаги аниқ дастурлар ва лойиҳалар бўйича самарали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқлади». Шунингдек, давлат раҳбари ўзаро ҳурмат, тенглик ва ишонч тамойилларига асосланган ҳолда Ўзбекистон - Франция муносабатларини чуқурлаштириш ва шерикликнинг мустаҳкам пойдеворини янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликда ишлашда давом этишга ишонч билдирди.
Франция Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифини амалга оширган биринчи Европа мамлакатидир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 2018 йил 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлди. Сўнгги 22 йил ичида биринчи марта Париждаги Эҳтиром майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон ўртасидаги музокаралар чоғида Ўзбекистон - Франция муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Биринчидан, мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон Франция билан ишончли ва узоқ муддатли шерик сифатида ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бераётганини таъкидлади. Давлат раҳбари Франция расмий ташриф амалга оширган биринчи Европа мамлакати эканини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Aмир Темур ва Франция қироли Карл VI ҳукмронлик қилган даврдан буён икки мамлакатни бир-бирига боғлаб турган тарихий дўстлик риштаси, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларга эътибор қаратди. Ўзбекистон етакчиси француз ҳамкасбига Э.Макроннинг ўзбек тилига таржима қилинган ва Ўзбекистонда нашр этилган "Революция" китобини совға қилди. Ушбу китобга ёзилган сўзбоши Ўзбекистон раҳбари қаламига мансуб.

Иккинчидан, Франция Президенти Э.Макрон давлатимиз раҳбари билан учрашувдан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистоннинг жорий ички ва ташқи сиёсати ва Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, мамлакатимиз етакчи давлатлар қаторига киришига, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Учинчидан, учрашувда икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга нисбатан ёндашуви бир хил ва ўхшаш экани таъкидланди. Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида эътироф этилди. Икки мамлакат раҳбарлари минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш, ҳозирги таҳдид ва хатарларга биргаликда қарши курашиш муҳимлигини таъкидладилар. Давлат раҳбарлари минтақадаги тинчлик ва осойишталикнинг муҳим шарти сифатида Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, можарода қатнашаётган барча томонлар ўртасида ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри сиёсий мулоқот олиб боришдан ўзга муқобил йўл йўқлигини айтиб ўтдилар.
Тўртинчдан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, технологик ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинган масалалар диққат марказида бўлди. Томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон - Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятини ижобий баҳолаб, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини ва кўзда тутилаётган ишлар ҳажми мавжуд имконият ва салоҳиятга тўлиқ мос келмаслигини таъкидладилар.
Бешинчидан, ташриф чоғида 10 дан зиёд ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат, шунингдек, қиймати 3,4 миллиард евродан ортиқ қийматга эга шартнома ва келишувлар имзоланди. Парижда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва «MEDEF International» Франция ишбилармонлари ҳаракати билан биргаликда ташкил этилган бизнес-форум якунлари бўйича илғор Европа тажрибаси, замонавий билим ва технологиялар асосидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилгани қайд этилди.
Олтинчидан, Президент Шавкат Мирзиёйев Лувр музейига ташриф буюрди. Ўзбекистон раҳбари музейда сақланаётган тарихий мерос намуналари халқимиз учун жуда қадрли ва азиз эканини билдирди. Шунингдек, давлат раҳбари қўшма кўргазмалар, Ўзбекистон ва Франциядаги музейлар экспонатлари намойишини ташкил этиш, икки мамлакат тарихчилари ва археологлари ўртасида илмий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Еттинчидан, ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Сенати раиси Жерар Ларше билан учрашди. Давлатимиз раҳбари Сенат раисини қутлар экан, унга Франция конституциясининг 60 йиллиги муносабати билан ушбу қомуснинг ўзбек ва француз тилларида нашр этилганги биринчи нусхасини совға қилди. Учрашувда аниқ йўналишларда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида фаолият олиб бораётган Франция парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, Франция Республикаси Сенатидаги "Франция - Марказий Осиё" парламентлараро гуруҳи, Миллий Aссамблеядаги “Дўстлик гуруҳи"нинг роли ва аҳамиятини эътироф этдилар. Жерар Ларше Ўзбекистон раҳбарининг ғоясини қўллаб-қувватлаб, Франция ҳар томонлама ва самарали шериклик алоқаларини ривожлантириш ва Ўзбекистон билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш учун парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга ва уларга тизимли тус беришга тайёрлигини билдирди.

Саккизинчидан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг Total, Total EREN, Orano, Fives Stein, Rungis SEMMARIS, Vinci, Suez, SADE, Idemia, Mercier, Thales Alenia Space каби йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Ўзбекистон ва Франция молиявий ташкилотлари ва компаниялари ўртасида шерикликни ривожлантириш ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Чет эллик сармоядорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Чет эл инвесторлари кенгашини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Кенгашнинг вазифаси инвесторлар фикрини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистондаги инвестицион муҳитни доимий равишда яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Сизни кенгаш ишида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз", деди Шавкат Мирзиёев. Ўз навбатида, француз ишбилармонлари валюта тизимини эркинлаштириш ва визаларни бекор қилиш ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имконият яратганини таъкидладилар.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифани очди, стратегик истиқбол учун ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар натижалари Ўзбекистон ва Франция узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканлигини кўрсатди.
Расмий ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, мазкур ҳужжат асосида ташриф давомида эришилган келишувларни тизимли, ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.