Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 11 июнь куни Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 11 июнь куни Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, иқтисодиёт, банк-молия, нефть-газ, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, транспорт ва коммуникациялар, авиасозлик, консалтинг хизмати ҳамда қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари Шавкат Тўлаганов ва бошқалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади. Даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этиш, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, иқтисодиёт, фан-техника, маданият ва ҳаво транспорти соҳаларига оид битимлар ўзаро алоқалар ривожига хизмат қилмоқда.
Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 287,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 7,1 фоизга ошди. Мамлакатимизда франциялик сармоядорлар иштирокида тузилган 14 қўшма корхона, Франциянинг 10 компанияси ваколатхонаси фаолият юритмоқда.
Мамлакатларимиз макроиқтисодиёт, молия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Юртимиз олимлари франциялик мутахассислар билан қуёш энергиясини ўрганиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, селекция каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бормоқда.
Бизнес-форумда Франциянинг йигирмадан зиёд етакчи фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этгани мазкур мамлакат ишбилармонларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши юқорилигидан далолатдир.
– Францияда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятига катта қизиқиш билан қаралади, – деди “MEDEF International” Франция корхоналари уюшмаси бош директорининг ўринбосари Филипп Готье. – Ўзбекистонда барча соҳалар қатори саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳалари изчил тараққий этмоқда. Шу ва бошқа йўналишларда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз. Шунингдек, Ўзбекистон ва Франция компаниялари менежерлари алмашинувини фаоллаштириш, корпоратив бошқарув бўйича алоқаларни ривожлантириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш ниятидамиз. Мазкур бизнес-форум, мамлакатингизнинг турли вазирлик ва идораларида ўтказилган учрашув ва мулоқотлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигимизнинг янада тараққий этишига хизмат қилади.
Анжуманда франциялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя жалб қилишнинг устувор йўналишлари, Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фармацевтика, хусусийлаштириш, ахборот технологиялари ва коммуникациялар каби соҳалардаги салоҳияти, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, қўшма корхоналар сонини ва ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Франция ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Унда Франция ишбилармонлари ўзбекистонлик шериклар билан биргаликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Франция делегацияси аъзолари қатор вазирлик ва идораларда ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Франция ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Унда Франция ишбилармонлари ўзбекистонлик шериклар билан биргаликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Франция делегацияси аъзолари қатор вазирлик ва идораларда ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.