Ўзбек-турк бизнес форуми
Юртимизда бўлиб ўтаётган “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ҳам ташкил этилди.
Юртимизда бўлиб ўтаётган “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ҳам ташкил этилди. Унда Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Шу йил февраль ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг юқори даражадаги вазирлар иштирокидаги соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш учун кучларни бирлаштириш мавзусига бағишланган йиғилишда Тошкентда ўзбек-турк форумини ташкил этишга келишилиб, икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ва Фахруддин Қовжа 2019-2020 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни имзолаган эди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар самарасида ташкил этилган мазкур бизнес-форумнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг олий даражадаги учрашувлари, дўстона сиёсати туфайли қардош халқларимиз ўртасида кўп асрлик умумий тарихга, маданият ва урф-одатларга эга бўлган дўстлик ришталари, шунингдек, ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистон – Туркия муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА) алоҳида ўрин тутади. Ўтган йили март-июль ойларида ТİКА гуманитар ёрдам сифатида юртимизга 50 та “Toyota” русумли тез ёрдам машинасини етказиб бериш бўйича лойиҳани амалга оширди.
2018 йил апрель ойидан бошлаб трансплантация соҳасида таниқли туркиялик олим, профессор Маҳмуд Хаберал раҳбарлигида Анқара шаҳридаги Бошкент университети мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак трансплантацияси операцияси бошланди. Айни пайтга қадар юртимизда 300 дан ортиқ буйрак трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Туркия Тиббиёт фанлари университети билан келишувга биноан шу йил ёзда Бухоро давлат тиббиёт институти базасида ушбу университетнинг филиали очилган бўлиб, у ерда тиббиёт факультети ва олий тиббиёт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу масканда 130 дан зиёд талаба таҳсил олмоқда.
“Kanimed saglik gozumlari” компанияси билан Термиз, Наманган, Андижон ва Тошкентда 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лаборатория диагностика марказларини ташкил этиш, шунингдек, хусусий касалхоналар қуриш бўйича 30 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда Термиз шаҳрида замонавий “Kani-med” лаборатория маркази очилганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу ерда 30 та янги иш ўрни яратилиб, 300 га яқин турдан ортиқ лаборатория таҳлиллари бажарилмоқда. “Alles Tek Group” турк компанияси билан телемедицина, гемодиализ хизмати ва лаборатория хизматларини ташкил этиш борасида давлат-хусусий шериклик асосида фаол ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари томонидан қатор манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, шошилинч ва тез тиббий хизмат, фармацевтика, тиббий таълим, онкология ва радиология, гематология ва қон қуйиш, педиатрия, акушерлик ва гинекология, хусусий тиббиёт каби қатор муҳим йўналишларда меморандумлар имзоланди.
Форум доирасида ҳар икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолият акс этган кўргазма кўпчиликка манзур бўлди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик бўйича учрашувлар, тақдимотлар, давра суҳбатлари ҳамда турк делегацияси вакилларининг давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларига ташрифлари ташкил этилмоқда. Икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзбек-турк шифокорлари ҳамкорлигида тиббиётнинг турли йўналишларида ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилган беморлар ҳолидан хабар олишди.
Делегация аъзоларининг мамлакатимиз учун катта маданий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган қадимий Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташрифи ҳам режалаштирилган.