Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида раҳбар аёлларнинг давлат хизматида тутган ўрни ва лидер аёллар улушини ошириш ҳамда гендер тенгликка эришиш истиқболлари мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда вилоятда раҳбар аёлларнинг салоҳиятини ошириш, уларда лидерлик қобилиятларини шакллантириш, шахсий ривожланишлари учун зарур услубий тавсиялар бериш ҳамда хотин-қизлар ўртасида давлат хизмати жозибадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали масъуллари, вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари хотин-қизларни салоҳиятли ва истиқболли кадрлар захирасига киритиш, уларни раҳбарлик вазифаларига тавсия этиш жараёнлари ҳақида маълумот берди. Бу жараёнда тўпланган тажриба, мавжуд муаммолар қайд этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларнинг ўрни, бу соҳадаги муаммо ва таклифлар, Самарқандда раҳбар аёллар улушини ошириш ва гендер тенгликка эришиш истиқболлари, кадрлар захирасини шакллантириш ва уни самарали бошқариш каби бир қатор мавзуларда батафсил тушунчалар берилди.

– Бугунги кунда жамият ривожланишининг муҳим омилларидан бири бу гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг турли соҳаларда, айниқса, давлат хизматида фаол иштирок этишидир, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали бош инспектори Раъно Умарова. – Вилоятимизда сўнгги йилларда аёлларнинг давлат бошқарувидаги улуши ортиб бормоқда. Айниқса, давлат сектори, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва тадбиркорлик соҳаларида аёл раҳбарларнинг самарали фаолият юритаётганини кўриш мумкин. Агентлик томонидан шакллантирилган миллий, истиқболли ва салоҳиятли кадрлар захирасида бугунги кунда 341 нафар номзод мавжуд бўлиб, уларнинг 92 нафари ёки 27 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бу рақам аввалги йилларга нисбатан икки баробар ошган. Бироқ аёлларнинг юқори раҳбарлик лавозимларига тайинланиш кўрсаткичлари эркакларникига нисбатан паст бўлиб қолмоқда. Бу эса аёлларнинг раҳбарлик салоҳиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича янада кенг кўламли чора-тадбирларни талаб қилади.

Очиқ мулоқот давомида захирада ва давлат хизматида аёллар улушини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида бир қатор ташаббуслар амалга оширилаётгани, жумладан, 2022 йилдан буён юртимизда “Раҳбар аёллар мактаби” ташкил этиб келинаётгани таъкидланди. Макзур мактабнинг ўқув дастури аёлларнинг раҳбарлик салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, тингловчилар давлат бошқаруви, лидерлик, стратегик режалаштириш ва бошқа муҳим соҳалар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар. Шу пайтгача Самарқанд вилоятидан 19 нафар хотин-қиз ушбу мактаб битирувчиси бўлди.
Очиқ мулоқотда “Раҳбар аёллар мактаби” битирувчилари ушбу махсус ўқув дастури имкониятлари ва имтиёзлари, битирувчиларнинг келгуси карьеравий фаолиятлари ҳақида маълумот бердилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири