Захира кадрлар учун семинар
Бухорода миллий кадрлар захирасига олинган номзодларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинари ўтказилди. Махсус ўқув курси вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали ва Бухоро давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Мақсад вилоятдаги раҳбар кадрлар ҳамда миллий кадрлар захирасига олинган номзодларнинг профессионал салоҳияти ва бошқарув маҳоратини оширишдан иборат, – дейди Бухоро давлат Педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Маъмуров. – Ўқув курси кадрларнинг сиёсий-ҳуқуқий, касбий билимларини янада ошириш, кенг жамоатчилик ва аҳоли билан мулоқот қила олиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Ўқув семинари аввалида китоблар кўргазмаси ва тақдимоти бўлиб ўтди. Шундан сўнг иштирокчилар бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб мавзулари ҳақида маълумот берувчи “Сиёсий-маърифат соати” дарсига қатнашди.
[gallery-18336]
Ўқув семинарда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Давлат хизматчиси аввало халқ хизматчиси бўлиши шарт” тамойили остида олиб борилган ана шундай кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат бошқарувининг ўзига хос модели яратилиб, давлат хизматчиларининг янги авлоди шаклланди.
Тасдиқланган ўқув дастурига асосан семинарда соҳанинг тажрибали амалиётчи экспертлари томонидан давлат хизматчилари учун дипломатик протокол ва этикет қоидалари, давлат хизматчисининг этикаси, кийиниш маданияти - dress kod, раҳбарнинг мулоқот маданияти ва нотиқлик, музокара ва мунозара олиб бориш санъати каби мавзуларда тренинг ва амалий машғулотлар ўтказилади. Ўқув курси давомида тингловчиларнинг турли йўналишларда компетенциялари янада оширилади, раҳбарлик кўникмалари ривожлантирилади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбири