Заводнинг металл қуйиш қуввати ошади
Навоий машинасозлик заводининг қуймачилик цехи рангли қуйма участкасида амалдаги 6 тонналик металл эритиш печи технологик жараёнларни рақамлаштириш эвазига модернизация қилинди ва ишга туширилди.
Навоий машинасозлик заводи нафақат Навоий кон-металлургия комбинати, балки республикамизнинг энг йирик саноат корхоналаридан биридир. Бугунги кунда заводда 15 минг турдаги маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, шу жумладан, турли хил ускуналар, ностандарт жиҳозлар, дастгоҳлар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Сўнгги йилларда заводнинг Қуймачилик цехида комбинат бўлинмаларида фойдаланиладиган шартли тегирмонлар ва кон-шахта ускуналари учун қуйма маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида мазкур цехда 25 тонналик янги замонавий печь ишга туширилган эди. Ушбу печь учун зарур қолиплаш ускунаси бевосита заводда тайёрланди. Янги печь цех ишлаб чиқариш қувватини 30 фоизга оширади ёки йилига 40 минг тоннага етказиш имконини беради. Печнинг ишга туширилиши билан 53 та иш ўринлари яратилган эди. Технологик жараёнларни рақамлаштириш эвазига модернизация қилиниб, ишга туширилган ушбу печь ёрдамида пўлат ва чўяндан кичик ҳамда ўрта ўлчамдаги қуймаларни ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Ушбу лойиҳанинг татбиқ этилиши қўшимча 18 та иш ўрнини яратиш имконини берди.
Мазкур печь замонавий технологияларга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги туфайли металл эритиш сифати яхшиланади. Печда технологик жараён автоматлаштирилган бўлиб, металл эритиш тўлиқ кузатиб борилади.
А.Бўриев, ЎзА