Заводдан чиқаётган тутун бартараф этилди
Экологик муаммолар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Аммо кўп ҳолларда чиқиндиларни ёқиб юбориш оқибатида ёхуд завод ва фабрикалардан чиқаётган заҳарли тутун ҳавони ифлослантираётганига гувоҳ бўламиз. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш экологиямиз софлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ижтимоий тармоқларда “Миробод туманида жойлашган заводларнинг бирида кучли заҳарли тутунлар осмонга тарқалмоқда” мазмунида пост эълон қилинди. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Экологик партияси Миробод туман кенгаши томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, газ плиталари ишлаб чиқарувчи “ARTEL ELEKTRONICS MANUFACTURING” заводи ҳудудида газ вешалкаларининг қиздирилиши жараёнида техник носозлик юз бериб, вешалкалардаги лак бўёғининг ёниб кетишига олиб келган. Натижада маълум вақт атмосферага қора тутун тарқалган.

Завод раҳбариятининг маълум қилишича, бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги бўйича тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, юқорида айтиб ўтилган техника эксплуатацияси учун масъул ходимларга хайфсан берилди.
Таъкидлаш жоизки, экология ва атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратиш, ҳавони ифлослантирадиган бу каби ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этишда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозим.
М.Комилова,
ЎзА