Заводда маҳаллий маҳсулот ишлатилмоқда
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини кенгайтириш доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “SHTURVAL” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган силикагел кимёвий реагенти қўлланила бошланди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Бухоро НҚИЗ “SHTURVAL” МЧЖ (Фарғона) билан биргаликда ЎНА ва A ҳавосини қуритишда қўлланиладиган силикагел кимёвий реагенти импорти ўрнини босиш бўйича ишларни амалга оширди.
2020 йил декабрь ойида синов ўтказиш учун заводга “SHTURVAL” МЧЖ (Фарғона) томонидан 50 кг миқдордаги силикагелнинг тажриба намунаси бепул тақдим этилди. Завод Буғ-ҳаво-газ таъминоти цехининг ҳаво-компрессор станциясида олдиндан тайёрланган синов адсорберига юкланди.

Синовларни ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ олти ой давомида (2020 йилнинг 20 декабридан 2021 йилнинг июлигача) ЎНА ва А қурилмалари ҳавосини қуритишнинг барқарорлиги ва самарадорлиги таҳлили билан импорт маркали «КСМГ» силикагели ва маҳаллий ишлаб чиқарилган силикагелнинг солиштирма синовлари ўтказилди.

Таҳлиллар натижаларига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган силикагел сифати импорт «КСМГ» силикагели физик-кимёвий ва функционал хусусиятларидан деярли фарқ қилмаслиги аниқланди. Шунга асосан, “SHTURVAL” МЧЖ(Фарғона) томонидан ишлаб чиқарилган маҳаллий силикагел Бухоро НҚИЗ компрессор станциясининг ҳавони қуритиш қурилмасида импорт силикагел ўрнига ишлатишга тавсия этилди.
Жорий йилнинг 27-29 май кунлари Бухоро шаҳрида Кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича минтақавий тармоқлараро саноат ярмаркаси доирасида «Ўзбекнефтегаз» AЖ Маҳаллийлаштириш ва кооператив алоқаларни кенгайтириш департаменти кўмаги билан завод ва “SHTURVAL” МЧЖ ўртасида маҳаллий ишлаб чиқарилган силикагелнинг импорти ўрнини босиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди ва йўл харитаси тузилди. Заводнинг ушбу реагентга бўлган умумий эҳтиёжи 3,56м3 бўлиб, алмаштириш муддати ҳар икки йилни ташкил этади.

Cooperation.uz платформаси электрон савдолари орқали Бухоро НҚИЗ ва “SHTURVAL” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланди. 3,56 м3 миқдорида силикагелнинг заводга етказиб берилиши таъминланди.
Маҳаллий силикагел саноат адсорберига юкланди ва ҳозирги кунда Бухоро НҚИЗ Буғ-ҳаво-газ таъминоти цехининг ҳаво-компрессор станцияси участкасида ўлчов назорат ва автоматика қурилмалари учун зарур бўлган ҳавони қуритиш жараёнида муваффақиятли қўлланилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА