Заводда амалиёт ўташ талабаларнинг билимини мустаҳкамлайди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари учун "Коррозия ва коррозияга қарши ҳимоя" йўналиши бўйича ўқув машғулотлар ва ўқитувчилари учун малака ошириш дарслари ўтказилмоқда.
Машғулотларни ўтказиш учун моддий-техник манбалар, АКТ ва алоқа, университет ўқитувчиларининг онлайн маърузалар ўтиши учун зарур бўлган махсус жиҳозланган ўқув хонаси тайёрланди.

Заводнинг Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими томонидан талабалар ва ўқитувчиларнинг ишлаб чиқаришда амалий кўникмаларга эга бўлиши учун махсус ўқув дастури тайёрланди.
Заводдаги устозлар бўлажак мутахассисларни нефть, газ, қайта ишланган маҳсулотларни сақлаш, транспорт объектларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш шароитлари, шунингдек, қурилмалар ва қувур ўтказгичлар тизими объектларини таъмирлаш билан таништирмоқда.
– Ушбу ўқитиш шакли талабаларга ўқув машғулотлари жараёнида олинган касбий билимларини амалиётга қўллашга имкон бермоқда, – дейди университет 2-курс механика йўналиши талабаси Виолетта Шафиева. – Асосий мақсад, талабаларни касбий фаолиятга тайёрлаш, назарий билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришдир. Бу амалиёт бизга маъқул. Сабаби, заводда амалиёт ўташ биз, талабаларнинг билимини мустаҳкамлайди.
Мазкур амалиёт "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарувининг қарори ижросини таъминлаш, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, ўқув жараёни сифатини оширишга хизмат қилади. Бу олий ўқув юртлари талабаларининг амалий машғулот ўташи, ўқитувчиларининг эса малака ошириши учун тажриба-синов бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА