Пойтахтимиздаги 9-умумтаълим мактабида "Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни" муносабати билан "Озиқ-овқат хавфсизлиги: илм-фаннинг амалиётда қўлланилиши" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, "Замин" халқаро жамоат фонди, "Eco-Schools Uzbekistan" дастури ҳамда "Ёш фермер" лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган йиғинда озиқ-овқат саноати мутахассислари, илмий экспертлар, академик мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва мактаб ўқувчилари қатнашди.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, озиқ-овқат маҳсулотлари зарарли бактериялар, кимёвий моддалар, замбуруғлар ёки паразитлар билан ифлосланиши оқибатида 200 дан ортиқ турдаги касаллик юзага келиши мумкин, аммо илмий билимлар ва самарали хавфсизлик чоралари орқали уларнинг олдини олиш мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, ҳар йил дунё бўйлаб тахминан 600 миллион киши яроқсиз озиқ-овқат истеъмоли сабабли турли касалликларга чалинади. Уларнинг 420 минг нафари вафот этади, шундан 125 минг нафари — 5 ёшгача бўлган болалардир.
Форум доирасида мактабнинг замонавий иссиқхона объектида ўқувчи ва ўқитувчилар учун барқарор қишлоқ хўжалиги амалиёти ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги протоколлари бўйича “Маҳорат дарси” ўтказилди.
Иштирокчилар қишлоқ хўжалиги экспертлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутахассислардан амалий машғулот олди, бу уларга таълим ва жамоат муҳитида қўллаш мумкин бўлган кўникмаларни тақдим этади. Шунингдек, анжуман доирасида интерактив сессия, экспертлар томонидан маърузалар ва кўргазмали тақдимотлар ҳам ташкил этилди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА