Зарарли дастурларни сотиш билан шуғулланган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамда “Киберхавфсизлик маркази” ДМ мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Телеграм” мессенжерида зарарли “APK” дастурларни сотиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди.
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 2005 й.т. фуқаро ўзи яратган зарарли “APK” дастурларини 100-300 минг сўм эвазига “Телеграм” орқали 10 га яқин аккаунт фойдаланувчиларига сотган.
Шунингдек, зарарли дастурларни сотиб олган мижозларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга фойдаланиш жараёнида юзага келган муаммолар бўйича маслаҳатлар берган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу “APK” дастурлари ёрдамида ўзгаларнинг “Телеграм” мессенжеридаги аккаунтларига рухсатсиз уланиш, телефонларидаги СМС хабарларни ўқиш ҳамда тўлов тизимларидаги пул маблағларини ўзлаштириб олиш мумкин.
Аниқланишича, мазкур шахс “Телеграм” мессенжеридаги 5 дан ортиқ гуруҳ ва каналларнинг администратори ҳисобланиб, уларда доимий равишда зарарли “APK” дастурларнинг имкониятлари тўғрисида постлар жойлаштирган.
Тезкор тадбир давомида ундан 1 дона “Asus ExpertBook” русумли ноутбук, 1 дона “Redmi Note 10 Pro”русумли телефон аппарати, 1 дона қаттиқ диск ва
2 дона банк пластик картаси ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.