
Маълумки, Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
Бугунги кунда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар ва маънавий зиёнларни қоплашни тартибга солиш ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган.
Шу мақсадда давлат органи ёки унинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
[gallery-23935]
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳаси билан етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланмоқда.
Ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга қаратилган.
Лойиҳани тайёрлашда бир қатор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилгани айтиб ўтилди. Қонун лойиҳаси халқ манфаатларига хизмат қилиши, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясига хизмат қилиши таъкидланди.
Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА