Зангиотада замонавий темир йўл кўприги қурилади
Зангиота туманида аҳолининг транспорт муаммолари ҳал этилмоқда. Бу ҳудуд ҳаётини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги С.Раҳимов – Ўртаовул станцияси оралиғида темир йўл кўпригини қуриш ишларига старт берилди. Мазкур лойиҳа ҳудуд аҳолиси учун узоқ йиллар давомида долзарб бўлиб келган транспорт муаммоларини ҳал этишга хизмат қилади.

Қурилиш ишларига старт бериш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд фаоллари қатнашди. Масъуллар таъкидлашича, поездлар ҳаракатининг узлуксизлиги сабабли мазкур ҳудудда автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатида бир қатор ноқулайликлар юзага келаётган, бу эса аҳолининг ортиқча вақт йўқотишига ҳамда ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлаётган эди.

Эндиликда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан мазкур масалага ечим сифатида замонавий темир йўл кўприги ҳамда хавфсиз ва қулай айланма автомобиль йўли қурилиши бошланди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида транспорт оқимининг узлуксизлиги таъминланиб, аҳоли ва ҳайдовчилар учун янада қулай ҳамда хавфсиз шароит яратилади.
А.Мусаев, ЎзА