Замонлар туташган манзил: Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб фотосаёҳат
Амир Темур шоҳ кўчаси Тошкент шаҳрининг марказий ва муҳим магистралларидан бири ҳисобланади. У пойтахтнинг шимолий ва жанубий қисмларини боғлаб, ўз бағрида мамлакатимиз тарихи, иқтисодиёти, илм-фани ва маданиятига оид қатор йирик объектларни жамлаган.
Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Миробод туманлари ҳудудидан ўтувчи мазкур кўчанинг умумий узунлиги қарийб 11 километрни ташкил этади. У Учқаҳрамон давлат автомобиль назорати масканидан Туркистон кўчасигача чўзилган. Кўчанинг Миробод туманидаги қисмига 2008 йил 6 май куни буюк саркарда Амир Темур номи берилган.
Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб қатор давлат ва жамоат ташкилотлари фаолият юритади. Жумладан, Юнусобод тумани ҳокимлиги, Миробод тумани давлат хизматлари маркази, шунингдек, “UzAuto Motors” ва “Ўзбекнефтгаз” каби йирик компаниялар шу ҳудудда жойлашган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Тошкент шаҳар статистика ва адлия бошқармалари ҳамда Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди мазкур ҳудуднинг маъмурий аҳамиятини янада оширади.
Мазкур кўча пойтахтнинг муҳим илм-фан марказларидан бири сифатида ҳам эътиборга молик. Бу ерда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети каби нуфузли олий таълим муассасалари жойлашган. Шунингдек, Гёте институти, М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент филиали ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Хитойшунослик факультети мазкур ҳудуднинг халқаро ва илмий салоҳиятини намоён этади.
[gallery-28495]
Амир Темур шоҳ кўчаси маданий ҳаёт марказларидан бири сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда Темурийлар тарихи давлат музейи, Тошкент политехника музейи ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи жойлашган. Темир йўл техникаси музейи эса Туркистон кўчаси билан туташган қисмида жойлашган. Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Форумлар саройи ҳам мазкур кўча бўйлаб қад кўтарган.
Кўча атрофидаги яшил ҳудудлар пойтахт аҳолиси учун сўлим дам олиш масканларидан ҳисобланади. Жумладан, Амир Темур ва Шаҳидлар хиёбонлари ҳамда Япон боғи гўзал манзараси ва табиий муҳити билан ажралиб туради. Бундан ташқари, “Tashkentland” кўнгилочар боғи ва Тошкент телеминораси ҳудуднинг диққатга сазовор масканлари сирасига киради.
Мазкур кўча меҳмонлар учун юқори даражадаги хизмат кўрсатиш имкониятларини ҳам тақдим этади. Бу ерда “Ўзбекистон”, “InterContinental Tashkent”, “AZIMUT Hotel Tashkent” ва “City Palace Hotel” меҳмонхоналари фаолият юритмоқда.
Ҳудуд савдо инфратузилмаси билан ҳам ажралиб туради. Жумладан, “Юнусобод” ва “Олой” деҳқон бозорлари ҳамда “Юнусобод Универсам” савдо маркази аҳолига кенг турдаги хизматларни таклиф этади.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур шоҳ кўчаси Тошкент шаҳрининг нафақат муҳим транспорт йўналишларидан бири, балки унинг ижтимоий-иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётини ўзида мужассам этган стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. У пойтахтнинг жадал ривожланиш суръати, замонавий қиёфаси ва бой тарихий меросини уйғунлаштирган макон сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Камола Юсупова, Мумтозбегим Абдумўминова (сурат), ЎзА