Замонлар оша яратилган сара асарлар
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида миниатюрачи рассом Хайриддин Муҳиддиновнинг “Замонлар оша” номли илк шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг 50 дан ортиқ энг сара ижодий асарлари намойиш қилинди.
Хайриддин Муҳиддинов 1971 йил Тошкент шаҳрида туғилган. П. Бенков номидаги Республика бадиий билим юртининг “Графика” бўлимида таҳсил олган.

1991 йилдан бошлаб “Усто” бирлашмасида миниатюрачи рассом сифатида иш бошлаган. 2001 йилдан эркин ижод қилади. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Тадбирда қайд этилганидек, рассомнинг асарлари республикамизнинг Темурийлар тарихи давлат музейида, К.Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра музейида сақланади. Жуда кўплаб хорижий давлатларда, жумладан, Франция, Англия, АҚШ, Россия мамлакатларининг шахсий коллекцияларидан асарлари жой олган.

Шунингдек, “Ипак йўли” номли асари Анқара Миллий музейида сақланади. Кўргазмада рассомнинг турли йилларда яратган миниатюра асарлари томошабинларга тақдим қилинган. Унинг “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун", “Бобур – Афғонистонда”, “Жалолиддин Хоразмшох”, “Чингизхон ва Уламо” каби асарлари санъат ихлосмандларини замонлар билан тўқнаштиради ва ҳозиргача сақланиб келаётган маданий мерос хазиналари билан бойитади.

Миллий қадриятларимиз акс этган “Сўзана”, “Учар гилам”, “Келин”, “Ески ҳовли” каби асарларида миниатюранинг энг нозик ва қийин услубларидан фойдаланилган.

Рассом бир неча йиллардан бери замонавий миниатюра услубида изланиш олиб боради. Замонавий миниатюранинг анъанавий миниатюрадан фарқи шундаки, у рангтасвирга яқин ишланади, ҳажм томондан каттароқ, ёрқин ранглардан кўпроқ фойдаланиш орқали томошабинни янада жалб қилиш, қолаверса, воқеликни ёрқинроқ акс эттиришдир. Рассом изланишлар натижасида фақатгина ҳар хил ранглардан эмас, балки бронза, олтин каби қимматбаҳо буюмлардан ҳам фойдалана олган.
Кўргазма 2026 йил 4 январгача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА