Замонавий қурилмалар газни тежайди
Пойтахтимизнинг Олмазор тумани газ таъминоти корхонасида аҳолига етказиб берилаётган табиий газдан самарали фойдаланиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий қурилмалари кўргазмасини ташкил этиш бўйича экологик акция ташкил этилди.
Пойтахтимизнинг Олмазор тумани газ таъминоти корхонасида аҳолига етказиб берилаётган табиий газдан самарали фойдаланиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий қурилмалари кўргазмасини ташкил этиш бўйича экологик акция ташкил этилди.
Ўзбекистон Экологик партияси ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади замонавий энергия тежамкор технологияларни, хусусан, табиий газдан фойдаланишга ва ҳисобини юритишга мўлжалланган тежамкор асбоб-ускуналарни намойиш қилиш орқали кенг жамоатчиликни табиий газдан самарали фойдаланишда билим ва кўникмаларини ҳосил қилишдан иборат.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ва табиий газдан самарали фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, газ етказиб бериш жараёнининг самарали ишлашини йўлга қўйиш мақсадида замонавий технологияларни, энергия тежамкор газ қурилмаларини ва илғор бошқарув усулларини жорий этиш бугунги кундаги асосий вазифалардан саналади.
Бу каби талаблардан келиб чиқиб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти жойларда газ истеъмолчиларига энергия тежамкор – автоматлаштирилган газ-ёнгич қурилмалари ва уларнинг афзалликлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг аҳолига қулай бўлган марказларида замонавий энергия тежамкор – автоматлаштирилган газ-ёнгич ва замонавий сув иситиш қозонлари билан савдо қиладиган жами 25 дўкон ишга туширилди. Бу газ-ёнгичлар табиий газ ҳажмини 30-35 фоизгача тежаш билан бирга газдан фойдаланиш даврида автоматик тарзда хавфсизликни таъминлаш имконини яратади.
Ўзбекистон Экологик партияси ахборот хизмати раҳбари Эркин Омоновнинг маълум қилишича, ушбу тадбир аҳолини тизимда амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар ҳақида хабар бериш баробарида уларни тежамкорликка чақиришда муҳим аҳамиятга эга. Негаки, ушбу манба ҳам туганмас эмаслиги, аксинча, газни тежаб-тергаб ишлатиш ҳар биримизнинг келажак авлод учун масъуллигимизни оширади.
Экологик акция доирасида аҳолига етказиб берилаётган табиий газ ҳисобини юритишнинг замонавий қурилмалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Тадбир якунида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорилк жамияти ходимларига Ўзбекистон экологик партиясининг аъзолик билетлари тантанали равишда топширилди. Санъат усталарининг куй-қўшиқлари эса уларга кўтаринки кайфият улашди.