Замонавий технологиялар самараси
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига яратилаётган имкониятлар ва қулай ишбилармонлик муҳити чекка ҳудудлардаги бизнес вакилларининг ҳам cамарали фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятида ҳам улар томонидан кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, турли йўналишларда ривожланишга эришилаётир.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига яратилаётган имкониятлар ва қулай ишбилармонлик муҳити чекка ҳудудлардаги бизнес вакилларининг ҳам cамарали фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятида ҳам улар томонидан кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, турли йўналишларда ривожланишга эришилаётир.Президентимиз раҳнамолигида истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик соҳаларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлар томонидан янги паррандачилик тармоқларини ташкил этиш, соҳага замонавий технологияларни кенг олиб кириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бешариқ туманидаги “Водий насл парранда” хусусий корхонасида паррандачилик соҳасида ўзига хос тажриба тўпланган. Бу ерда айни пайтда 80 мингдан зиёд наслли, сермаҳсул ва касалликка чидамли парранда парвариш қилинмоқда. Олтмиш нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада кунига ўртача 50 минг дона тухум буюртмачиларга етказиб берилаётир.
– Паррандачилик сердаромад соҳа, – дейди корхона раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Дастлаб ишни 200 товуқни боқиш билан бошлаганмиз. Давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлар, янада ривожланиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини белгилаб олганимиз ўзининг самараларини бермоқда. Йилига ўртача 60 минг товуқ, 15 тонна парранда гўшти, 300 минг жўжа аҳоли ва корхоналарга сотувга чиқарилмоқда.
Корхонада замонавий технологияларни жорий этиш орқали фаолиятни янада кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунда мамлакатимизда ташкил этилаётган халқаро савдо кўргазмаларининг ўрни катта бўлмоқда. Тадбиркор пойтахтимизда ташкил этилган кўргазмаларда иштирок этиб, хорижда ишлаб чиқарилган 120 минг паррандага мўлжалланган учта замонавий технологияни сотиб олиб, ишга туширди. Айни кунларда 400 минг АҚШ доллари эвазига янги паррандачилик жиҳозлари келтирилиб ўрнатилмоқда. Бу билан ишлаб чиқариш салмоғи янада ошади, янги иш ўринлари яратилади.
Корхона жорий йилда яна бир янги ишга қўл урди. Банкнинг 17 миллиард сўмлик имтиёзли кредити эвазига 3 миллион 200 минг наслли жўжани парвариш қилиб, вилоят аҳолиси, корхона ва ташкилотларга етказиб беришни йўлга қўймоқда.