Замонавий таълим: юксак маънавият ва жанговар шайлик уйғунлиги
Бугунги глобаллашув ва мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жанговар тайёргарлиги, балки уларнинг маънавий-руҳий барқарорлиги ҳам давлат хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ факультетида ўтказилган илмий-амалий давра суҳбати алоҳида аҳамият касб этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикасидаги етакчи олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тажрибали мутахассислар ҳамда ҳарбий педагоглар иштирок этиб, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг билим ва кўникмаларини такомиллаштириш, энг муҳими, юксак маънавий-руҳий фазилатни шакллантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида замонавий педагогик ёндашувлар марказий ўринни эгаллади. Хусусан, таълим тизимида психологиянинг ўрни ва аҳамияти чуқур илмий асосда таҳлил қилиниб, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш, стрессга чидамлилигини ошириш, мураккаб вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришда психологик тайёргарликнинг беқиёс роли алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, интерфаол таълим методларининг самарадорлиги кенг ёритилди. Таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, тингловчиларни мустақил фикрлашга ундаш, уларни реал вазиятларга яқинлаштирилган машғулотлар орқали тайёрлаш бугунги кун талаби экани эътироф этилди. Айниқса, муаммоли вазиятларни моделлаштириш, жамоавий фикрлаш ва таҳлилий ёндашувни ривожлантиришга қаратилган методлар ҳарбий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқаётгани қайд этилди.
Давра суҳбатининг энг долзарб мавзуларидан бири – сунъий интеллект технологияларини таълим тизимига интеграция қилиш масаласи бўлди. Мутахассислар сунъий интеллект асосида яратилаётган ўқув платформалари, симуляцион дастурлар ва аналитик тизимлар ҳарбий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини кескин ошираётганини таъкидладилар. Бу эса ўз навбатида, замонавий таҳдидларга мослашувчан, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ҳарбий мутахассисларни етиштириш имконини бермоқда.
Анжуман давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, уни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишда муҳим назарий ва методологик асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Мазкур давра суҳбати ҳарбий таълимда инновацияларни кенг жорий этиш, маънавий-руҳий баркамол ва юксак жанговар салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.